Баҳорнинг биринчи ойи бир нечта геомагнит ҳодисалари билан ажралиб туради, деб хабар берди “planetanovosti.com”. Март ойида содир бўладиган магнит бўрони 2020 йилдаги энг кучли вазият бўлиши мумкин.
Лебедев номидаги Физика институти мутахассисларининг таъкидлашича, шу йил 4 март куни жуда кучли магнит бўрони содир бўлади ва унинг оқибатлари 5 мартда ҳам сезилади. Метеозарба баъзи фуқароларнинг соғлиғига таъсир қилиши натижасида бош оғриғи, асабийлашиш, тушкунлик, заифлик ва уйқусизлик ҳолатлари юзага келиши мумкин.
Айниқса, об-ҳавога сезгир, сурункали касалликларга чалинган, ҳиссий жиҳатдан беқарор ва юрак-қон томир касалликлари бўлган фуқаролар бу ҳодисага жиддийроқ эътибор қаратишлари, магнит бўрони олдидан шифокор кўригидан ўтиб, ўз соғлиги ҳолатини текширтиришлари зарур.
Агар беморлар ва метеотаъсирчан инсонлар магнит бўрони кутилаётган кунларда кўчага чиқсалар доим ёнида қон босими, юрак-қон томир касалликларини енгиллаштирувчи дориларини олиб чиқишлари лозим.