АсосийJamiyat

Нукуслик 95 ёшли Нурилло ота уруш хотиралари ҳақида китоб ёзди

'Нукуслик 95 ёшли Нурилло ота уруш хотиралари ҳақида китоб ёзди'ning rasmi

Нукус шаҳри Пушкин кўчасидаги 16-уй. Остонадан ичкари одимлар экансиз, дарвозада осилган пешлавҳа эътиборингизни тортади: «Бу уйда ҳурматли нуроний, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдуллаев Нурулла яшайди». Бу ёзувнинг ўзиёқ қалбда чексиз эҳтиром туйғусини уйғотади.

Нуронийлар – ҳаёт ҳикмати. Уларнинг умр йўли ёшларни ҳамиша ҳалол ва меҳнатсевар бўлиб яшашга ундайди.

95 ёшли отахон ғалабани Берлинда кутиб олган юртдошларимиздан бири. Нурулла бобо ўзининг жанггоҳларда кечган навқирон ёшлик дамларини ўкинч билан эсласа-да, истиқлол қуёши порлаган дориломон кунларни кўрганига, тинчлик-осудалик, меҳнат фахрийларига кўрсатилаётган ғамхўрликка шукрона келтириб яшайди. Турмуш ўртоғи билан тўрт ўғилни вояга етказиб, элга қўшган қаҳрамонимиз бугун фарзанлари, қолаверса, 6 невара, 14 чевара ардоғида. Урушдан қайтгач, у узоқ йиллар ички ишлар, адлия вазирликлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида юқори лавозимларида хизмат қилди.

Нукуслик Нурулла отанинг чап оёғидан олган оғир жароҳати унга машъум урушнинг даҳшатли воқеаларини эслатади. Ўзбекистоннинг бугунги қудратли армияси энг кучли мутахассислар қўлида экани унга мудом таскин беради. Иккинчи жаҳон урушида бошидан ўтказган қора кунлардаги сўнмас ирода ва жасорат, қаҳрамонлик ва мардлик соҳибларига эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг ўзига хос олийжаноб қадриятларидан бирига айланган. Улар давлатимиз эътиборида, сиҳат-саломатликда, доимий ғамхўрлик оғушида умргузаронлик қилмоқда. 

Яқинлари даврасида кексалик гаштини сураётган Нурулла отани Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ва Қорақалпоғистон мудофаа ишлари бошқармаси офицерлари беихтиёр қувонтириб юборди. Гап шундаки, ушбу ҳарбийлар уруш қатнашчиларининг ҳолидан хабар олишни сира канда  қилмайди. Уларнинг турли эсдалик совғалар билан бу галги йўқлови ҳам уруш фахрийларига эъзознинг ёрқин ифодаси бўлди. Бундан отанинг кўнгли тоғдек кўтарилди.

Ташрифдан кўзларига севинч инган отахоннинг қўллари дуога очилди: “Юртдан тинчлик, барака аримасин! Асло уруш бўлмасин!”.

Нурулла ота умри давомида ёзиб юрган мақола ва қайдларини охири бир жойга жамлаб, 2019 йилда “Память – вечна, почитание – священно” (“Хотира – абадий, эҳтиром – муқаддас”) номли китобини нашр этди. Ўзига эсдалик учун қолдирган нусхасини ўша куни фахрий отахон “погондаги меҳмонлар”га ҳадья этди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

    Бошқа янгиликлар