АсосийJamiyat

Президент "Нархоз" бўйича янги қарор имзолайди

'Президент "Нархоз" бўйича янги қарор имзолайди'ning rasmi

Ўзбекистон Президентининг "Тошкент давлат иқтисодиёт университетида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Қайд этилишича, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қиладиган иқтисодиёт соҳасида кадрларни тайёрлаш борасида бугунги кунда ўз ечимини кутаётган долзарб муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда. Булар:

  • шиддат билан ривожланаётган амалий жараёнлар, мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш, уни ҳар томонлама комплекс ривожлантиришга хизмат қиладиган илғор тажрибаларнинг таълим йўналиши ва мутахассисликлари ўқув режалари ва фан дастурларида ўзининг аксини топмаётганлиги, назарий билимларнинг амалиёт билан узвий боғланмаганлиги юзага келган;
  • глобаллашув шароитида иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларида юз бераётган таркибий ўзгаришлар, иқтисодчи мутахассис кадрларга бўлган янгича талабларнинг вужудга келаётганлиги, ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, рақамли иқтисодиётни жорий этиш бўйича замон талабига мос бўлган олий маълумотли ва танқидий таҳлил қилиш компетенсиясига эга бўлган кадрларга бўлган эҳтиёж юқорилигича қолмоқда ваҳоказо.

Қуйидагилар Тошкент давлат иқтисодиёт университети фаолиятини янада такомиллаштириш, олий маълумотли кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишлари этиб белгиланади:

  • меҳнат бозори талабларига жавоб бера оладиган, иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқлари учун замонавий билим ва кўникмаларга эга олий маълумотли кадрлар тайёрлаш, битирувчиларнинг касбий-малака даражасини халқаро меҳнат бозорида тан олинишини таъминлаш;
  • таълимнинг сифати ва рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб кредит-модул тизимига ўтиш ва жаҳондаги етакчи ва нуфузли олий таълим муассасаларининг илғор тажрибаларини татбиқ этиш асосида ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш, ўқув ва илмий-услубий таъминотни таъминлаш;
  • замонавий таълим ва ахборот-коммуникация технологиялари кўникмаларига эга бўлган, мултимаданий ва мултилингвистик муҳитда дарс бера оладиган, тадқиқот кўникмаларига эга бўлган, Ўзбекистон ҳукумати ва бизнес олдида турган аҳамиятли вазифаларнинг ечимини топа оладиган янги авлод профессор-ўқитувчиларини шакллантириш;
  • мустақил таълим соатлари улушини 60 фоизгача ошириш, талабаларда танқидий, ижодий ва креатив фикрлаш, тизимли таҳлил қилиш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ўқув жараёнида компетенсияларни кучайтиришга қаратилган методика ва технологияларни жорий этиш.

Университетда 2020/2021-ўқув йилидан:

  • хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган қўшма таълим дастурлари ҳамда тегишли таълим йўналишлари бўйича ўқув режалари ва фан дастурларини университет томонидан мустақил тасдиқлаш;
  • таълим йўналишларини оптималлаштириш орқали талабалар қабулини асосан «Иқтисодиёт» таълим йўналишида амалга ошириш, биринчи ва иккинчи ўқув йилида «Умумий иқтисодиёт» факультети базасида математика, математик аппарати мавжуд бўлган фанлар, ахборот технологиялари, иқтисодиётда фундаментал фанлар бўйича чуқур билимларни бериш;
  • талабаларни 3-курсдан селексия орқали алоҳида гуруҳларга ажратиб махсус дастурлар асосида ўқитишни ташкил этиш ва уларнинг соҳалар бўйича билим даражалари ҳамда қизиқишлари бўйича мутахассисликларга ажратишни йўлга қўйиш;
  • «Статистика» ва «Туризм» таълим йўналишлари бўйича талабаларнинг бакалавриат босқичидаги ўқиш муддатини 3 йилдан кам бўлмаган тарзда амалга ошириш амалиётини жорий этиш ҳамда унинг тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
  • талабалар амалиётини мақсадли ташкил этиш ва ишга жойлашишига ҳар томонлама кўмаклашиш, потенциал иш берувчилар рўйхатини шакллантириб бориш ва ҳамкорлик қилиш, шунингдек аввалги битирувчилар салоҳиятидан унумли фойдаланишга қаратилган «Endaument» фондини ташкил этиш;
  • таълим жараёнларини рақамли технологиялар асосида индивидуаллаштириш, масофавий таълим хизматларини ривожлантириш, вебинар, онлайн, «blended learning», «flipped classroom», «spin-off» технологияларини амалиётга кенг жорий этиш;
  • ўқув жараёнига коучер усулини (маслаҳат ва тренинг усули) киритиш ва коучерларни жалб қилиш орқали талабаларга маълум бир касбий мақсадга эришишга ёрдам бериш тизимини жорий этиш;
  • таянч докторантлар, докторантлар ва мустақил изланувчиларнинг ўз илмий тадқиқот ишларини ҳимоя қилиш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда шаффофлигини таъминлашга қаратилган электрон платформани яратиш, унда илмий мақолалар, илмий-услубий ишланмалар, ихтиро ва кашфиётлар ҳамда тадқиқотнинг бошқа натижалари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириб бориш тизими йўлга қўйилади.

Университет фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланади.

Шунингдек, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Академик лицейини муваффақиятли тугатган ўқувчиларга бакалавриат босқичига ўқишга кириш учун тест натижаларида олган умумий баллнинг 30 фоизи миқдорида қўшимча балл бериш тартибини жорий этилиши мумкин.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида алоҳида бўлинма сифатида «Университет 3.0» халқаро ўқув ва илмий-инновацион тадқиқотлар маркази ташкил этилади.

Қуйидагилар марказнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

  • Электрон университет концепцияси доирасида ўқув, ўқув-услубий ва илмий тадқиқот соҳалари фаолиятини рақамлаштириш, ҳужжатлар айирбошланишини автоматлаштириш;
  • университет битирувчиларининг миллий ва халқаро меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида уларга таълим йўналиши ва мутахассислиги бўйича олий маълумот дипломи билан бир қаторда халқаро миқёсда тан олинган (ACCA, CIMA, CFA ва бошқ.) диплом ва сертификатлар бериш амалиётини жорий этиш;
  • Оммавий очиқ онлайн-курсларни яратиш, таълим йўналишлари ва мутахассисликлар ўқув режаларида белгиланган замонавий фанларнинг видео ва аудио маърузаларини тайёрлаш, уларни глобал интернет тармоғига жойлаштириш.

Белгилаб қўйилишича, давлат бюджети маблағлари, шартнома асосида таълим ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар, илмий-техник дастурларга ажратилган грантлар, илмий-инновацион бизнесни ривожлантириш учун учинчи шахслар томонидан ажратилган мақсадли молиявий, ҳомийлик, хайрия маблағлари, корхона ва ташкилотлар билан хўжалик шартномаларини амалга оширишдан олинган даромадлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида та’қиқланмаган бошқа манбалар марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.

 

    Бошқа янгиликлар