Самарқанд вилояти ИИБ Тиббиёт бўлимида “Янги турдаги коронавирус инфекциясини республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалишини олдини олишда Самарқанд вилояти ИИБ ва вилоят Соғлиқни сақлаш тиббиёт бошқармаси куч-воситаларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатлари бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар" мавзусида махсус-тактик машғулоти ўтказилди.
Ўтказилган ўқув машқлари 2 қисмда, яъни назарий ва амалий қисмларда ташкил этилди.
Тадбирни назарий қисми Самарқанд вилоят ИИБ Тиббиёт бўлими маъсул ходими томонидан очиб берилди ва ўтказиладиган махсус-тактик ўқув машқининг мазмун-моҳияти ўқув машқи қатнашчиларига қисқача тушунтириб ўтилди.
Махсус-тактик ўқув машқининг амалий қисми 4 босқичда ташкил этилди.
Биринчи босқичда Самарқанд вилояти ИИБ Тиббиёт бўлими маъмурий биносида “Коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалиши хавфи туғилганда раҳбар органлар ва куч-воситаларининг ҳаракатлари” мавзусига бағишлаб ўтказилган махсус-тактик ўқув машқи иштирокчиларининг саф кўриги ўтказилди.
Иккинчи босқичида республика ҳудудига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалиши хавфи туғилганда тегишли хизматлар ва идораларга ҳамда раҳбарларга ахборот етказиш тартиби, коронавируснинг янги турига гумон қилинганда тиббиёт ходимлари ва махсус тузилма ходимларининг амалий ҳаракатлари ИИБ Тиббиёт бўлимида синовдан ўтказилди.
Учинчи босқичда вилоят ИИБ Тиббиёт ҳудудида ўтказилиб, унда коронавируснинг янги турига гумон қилинган ҳамда ушбу фуқаро билан мулоқотда бўлган шифокорларни ИИБ ЙҲХБ махсус транспорти кузатувида юқумли касалликлар клиник шифохонаси базасида ташкил этилган госпиталь, изолятор ва обсерваторларга жойлаштириш кетма-кетлиги ва тартиби кузатувчиларга амалий тарзда кўрсатиб берилди.
Тўртинчи босқичда кўргазмали махсус-тактик ўқув машқининг барча жараён ва ўқув нуқталари бўйича умумий таҳлил ўтказилиб, унда Самарқанд вилояти ИИБ Тиббиёт бўлими ходимларига соҳага оид кузатувчилар гуруҳи томонидан хизматларнинг раҳбарлари, куч ва воситаларининг ҳаракатларига тегишли баҳо берилди.
Тадбирда жами 5 та махсус техника воситалари ҳамда 34 нафар ходимлар ҳамда Самарқанд вилоятининг соҳага оид кузатувчилари жалб этилди.
Тадбир якунига кўра, вилоятнинг соҳага оид кузатувчилар гуруҳи томонидан “Коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалиши хавфи туғилганда раҳбар органлар ва куч-воситаларининг ҳаракатлари” мавзусида махсус-тактик ўқув машқи юзасидан қўшимча топшириқ ва таклифлар берилди.