Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан 2020 йилнинг 24 февраль куни олинган расмий маълумотларга кўра дунё бўйича 79 363 нафар, Хитой Халқ Республикасида 77 262 нафар шахслар коронавирус «COVID-19» инфекцияси билан касалланиб, кунлик ўсиш 416 нафарни (0.5%) ташкил этмоқда.
Касалланганларнинг 11 633 нафари оғир аҳволда бўлиб, 2 595 нафари ушбу касалликдан вафот этган. Касаллик Хитой Халқ Республикасидан ташқари дунёнинг 28 давлатида 2 101 нафар фуқарода қайд этилган.
Жорий йилнинг январь ойидан 24 февраль кунига қадар бўлган муддатда Хитой Халқ Республикасида бўлиб қайтган 4608 нафар фуқароларимиз тиббий кўрикдан ўтказилди. Улардан 4155 нафар фуқароларда касалликни яширин даври (14 кун) якунлангани ва тиббий кўрик давомида ҳеч қандай коронавирус «COVID-19» инфекцияси белгилари аниқланмаганлиги боис тиббий кузатув ишлари якунланди. Бугунги кунда 453 нафар фуқаролар саломатлиги устидан тиббий кузатув давом эттирилмоқда. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигикоронавирус инфекциясига қарши марказий штаби хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 февраль куни Тошкент халқаро аэропортига ҳорижий давлатлардан 32та рейс орқали 4 573 нафар, темир йўллар орқали 5та поэздда жами 469 нафар шахслар, шунингдек, давлат чегара божхона постлари орқали 2 044 та автотранспортларнинг эгалари ва 36 616 нафар йўловчи шахслар термометриядан ўтказилган, шулардан 32 нафари Хитой Халқ Республикаси фуқаролари ҳамда 3 нафари Хитойда бўлиб, қайтаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари.
Коронавирус «COVID-19» инфекциясига қарши курашиш тадбирлари давомида эпидемиологик кўрсатмага асосан жорий йилнинг 24 февралига қадар жами 1 218та намуна коронавирус инфекциясига текширилди ва коронавирус инфекцияси аниқланмади.