Тошкентда “Ўзбегим аёли” фестивали бўлди. Унда Саида Мирзиёева аммаси — Президентнинг опаси ҳақида гапирди

ЖАМИЯТ 25.02.2020, 21:15
2823
Тошкентда “Ўзбегим аёли” фестивали бўлди. Унда Саида Мирзиёева аммаси — Президентнинг опаси ҳақида гапирди

Бугун, пойтахтимизда “Ўзбегим аёли” фестивали бўлиб ўтди.

Платформа.узнинг ёзишича, унда сўзга чиққан Саида Мирзиёева оиласи билан боғлиқ воқеаларни гапириб ўтган:

Менинг аммам борлар, Дадамнинг опалари. Уларни жудаям яхши кўраман, — деди С. Мирзиёева. — Мени опичлаб катта қилганлар. Бувим вафот этганларида дадам 9, опалари 12 ёшда бўлганлар. Мана шу 12 ёшлик қизалоқ она ўрнида дадамни вояга етказганлар. Ўқишга кириб, Самарқандга кетган пайтлари ҳам стипендияни ўзларига ишлатмай укалари, яъни дадам билан баҳам кўрганлар. 

Ўзлари ёшгина бўлиб онасиз қолган укага ғамхўрлик қилиш улар учун табиий ҳол эди. “Мен қаҳрамонлик кўрсатяпман” деган гап аммажонимнинг хаёлига ҳам келмаган. 

Очиғини айтсам, аммажоним билан муносабатимиз бизнинг ажойиб. Бир-биримизга муҳаббатимиз чексиз. Ҳар бир чиқишим бўлса ёки бирор жойда муваффақиятга эришсам, телефон қиладилар ёки смс ёзиб қўядилар: “Болажоним, баракалла, сен билан ғурурланаман. Мен доим олдингдаман” деб.

Куни кеча Дубайга форумга бордик. “Глобал аёллар форуми”да иштирок этганимда нутқ сўзладим. Форумдан кейин телефон бўлмади. Ҳайронман аммам нега жим ёки чиқишимни кўрмай қолдиларми ёки мазалари йўқмикин деб хавотирга тушиб қолдим. Йўқ, билсам агар “айфон”лари бузилиб қолибди. 65 ёшда бўлсалар ҳам айфонда ўтирадилар, ҳар доим телефон қилиб ёки ёзиб қўядилар, ҳар куни гаплашиб турамиз.

Шунингдек, Мирзиёева ўзбекистонлик аёлларга аталган дил сўзларини изҳор этди:

«Ўзбегим аёли» Миллий мукофотини топшириш маросимида мунис аёлларимиз учун кўнглимда йиғиб юрган гапларимни изҳор қилишга ҳаракат қилдим.

Мен уй-рўзғор ташвишларидан ортиб, олдига катта мақсадлар қўйган ва уларга эришаётган кўплаб аёлларни биламан ҳамда уларнинг олдида ҳамиша таъзимдаман. Сиз ҳақиқий ўзбек аёли нималарга қодир эканини барчага исботладингиз. Барча аёлларимиз жамиятда ҳурмат ва эҳтиром қозонишга ҳақли ва бунинг учун уларга имкон берилса бас. 

Аёлларимизга қарата шундай демоқчиман: Сиз таҳсинга сазоворсиз!”

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+1° туман
Валюта курси