Фарғонада ИИБ ходимлари олиб кетган фуқаро бедарак йўқолди. Уни қидириб келган адвокатни "обчиқиб ташлаш" буюрилди

ЖАМИЯТ 26.02.2020, 11:35
2073
Фарғонада ИИБ ходимлари олиб кетган фуқаро бедарак йўқолди. Уни қидириб келган адвокатни "обчиқиб ташлаш" буюрилди

Фарғона шаҳри ИИО ФМБ 4-сонли бўлим бошлиғи адвокатга ушбу бўлимда номаълум сабабларга кўра сақланаётган ҳимояси остидаги шахс билан кўришиши учун рухсат бермасдан, чиқиб кетишини талаб қилди. Бу ҳақда хабар.уз ёзмоқда.

Андижон шаҳридаги «А.С.Ҳуқуқ» адвокатлик ҳайъати адвокати Дилмуроджон Мадраҳимовнинг айтишича, кеча, 24 февраль куни кеч соат 17:00 лар атрофида ҳузурига фуқаро келиб, отаси Фарғона вилояти ички ишлар ходимлари томонидан бир кун олдин, 23 февралда олиб кетилгани ва шундан бери дараги йўқлигидан хавотир билдириб, унинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилишини сўрайди.

Шундан сўнг адвокат фуқаро билан тегишли шартнома имзолаб, зудлик билан Фарғона вилоятига йўл олади ва ҳимояси остидаги шахснинг Фарғона шаҳар ИИОФМБ (Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси) 4-сонли бўлимида сақланаётганини аниқлайди. Соат 19:00 лар атрофида эса мазкур бўлим бошлиғи (ўзини Йўлчиев Аҳад деб таништирган) билан учрашиб, тартиб-тамойилга кўра, унга ўзининг адвокатлик гувоҳномаси ва ордерини тақдим этган ҳолда ўз ҳимоясидаги шахс билан учрашиб, суҳбатлашиш учун рухсат сўрайди.

Аммо унга рад жавоби берилади. Ўз ҳимояси остидаги шахснинг ғайриқонуний тарзда, ғайриинсоний шароитда сақлаб турилганини кўрган адвокат бу одам нимада айбланаётгани ёки нимада гумонланаётганини сўрайди («Навбатчилик қисми деразаси ортида кўриниб турибди, кичкина бир курси сиғадиган катак экан, панжара, шунинг ичида ўтирибди», дея таърифлайди адвокат ўз ҳимоясидаги шахс сақланаётган шароитни тарифлаб).

Бошлиқ эса фуқаронинг ушлаб турилиши асослари билан таништиришга мажбур эмаслигини айтади. Адвокат энди ўз ҳимояси остидаги шахс билан монеъликсиз, холи учрашиши ўзининг қонуний ҳуқуқи эканини эслатиб, учрашмасдан кетмаслигини билдиради. Аммо бошлиқ бу талабни қаноатлантириш ўрнига ўз ходимларига адвокатни ташқарига чиқариб ташлашни буюради.

Шундан кейин адвокат ҳолат юзасидан арз қилиш учун Фарғона шаҳар прокурори қабулига борганида (тахминан соат 20:00 атрофида), унинг олдига прокурор ёрдамчиси тушиб келади ва (прокурор) ҳозир қабул қила олмаслигини айтиб, аризасини ёзма тарзда қолдиришини сўрайди. Шунда адвокат бир фуқаро номаълум сабабларга кўра Фарғона шаҳар ИИОФМБ 4-сонли бўлимида ноқонуний тарзда ва ёмон шароитда сақланаётганлиги ҳолати ва мазкур бўлими бошлиғи ўзининг қонуний ҳуқуқларига қаршилик кўрсатаётгани юзасидан ариза ёзиб беради. Айни пайтда, мазкур ҳолатни ҳозирнинг ўзида бирга бориб кўришларини илтимос қилади. Аммо Республика прокуратурасидан меҳмон борлиги сабабли банд эканликларини рўкач қилган прокурор ёрдамчиси масала эртаси куни ўрганилишини тушунтиради. Шундай бўлса-да, адвокат бу ерда яна бир фурсат қолиб, бирон натижа чиқиб қолишини кута бошлайди. Аммо икки соатча кутганида ҳам ҳеч қандай ҳаракат бўлмагач, ҳафсаласи пир бўлиб, 1007 рақами орқали Фарғона вилоят прокуратурасига ҳамда Бош прокуратурага қўнғироқ қилиб, ҳолат юзасидан оғзаки мурожаат қолдирганча Андижонга қайтишга мажбур бўлади.

Бугун эрталаб Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг Андижон ҳудудий бошқармасига билдирги ёзиб, профессионал фаолиятига қаршилик қилгани учун Фарғона шаҳар ИИОФМБ 4-сонли бўлими масъул мансабдор шахсларига нисбатан қонуний чора кўрилишида амалий ёрдам сўрайди. «Ҳимоям остидаги шахс билан ҳалигача кўриша олганим, гаплаша олганим йўқ, ҳозир нима бўлаётганидан ҳам бехабармиз», дейди адвокат (Мақола эълон қилиниши арафасида сўраганимизда ҳам вазият ўзгармагани маълум бўлди).

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг Андижон ҳудудий бошқармаси маслаҳатчиси Зафар Валиевнинг айтишича, мазкур ҳолат ростдан ҳам ИИБ масъуллари томонидан қонун меъёрлари бузилиши саналади. Шу боис билдирги юзасидан Палата марказий аппаратига мурожаат қилинган ва бу борада тегишли чоралар кўрилишига умид қилинмоқда. Зеро, шунга ўхшаш ҳолат бундан икки йил аввал Андижонда ҳам айнан ички ишлар бўлими бошлиғи томонидан содир этилган бўлиб, Адвокатлар Палатаси раисининг шахсан ўзи масалани назоратига олган ва адвокат шаъни, обрў-эътиборига дахл қилувчи, унинг касбий хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қилувчи ҳаракатлари билан қўпол қонунбузилишига қўл қўйган ички ишлар ходимларига нисбатан тегишли жиддий чоралар кўрилган эди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+5° небольшой проливной дождь
Валюта курси