Суд ҳужжатларига кўра, 55 ёшли эркак 2017 йил 25 майдан давлат иштирокидаги ташкилот “Xatirchi dehqon bozori” МЧЖ директори лавозимида ишлай бошлади. Қатор ваколатларга эга бўлган мансабдор мавқеидан фойдаланиб, ўзганинг мулкини ўзлаштиришга қўл уради...
У 50 ёшли хотини ва 41 ёшли жамият ҳисобчиси билан келишиб, ўзининг 2018 йил 1 апрелдаги буйруғи билан рафиқасини “Хатирчи деҳқон бозори” МЧЖ ҳузуридаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш” МЧЖда иш юритувчи сифатида ишга қабул қилади. Унинг номига АТ “Агробанк”нинг Хатирчи филиалидан банк пластик карта очади. 2018 йилнинг май-декабрь ойларида хотини ишламаган бўлса-да, унга иш ҳақи сифатида жами
7 млн. 250 минг маблағни кўчиради.
Шунингдек, судланувчи 2018 йилнинг январидан бозор ҳудудидаги савдо нуқталарида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан жамият ўртасида шартнома тузилиши ва ҳар бир савдо нуқтасининг квадрат метрига меъёр бўйича 6 минг сўмдан инфра ва ижара тўловларини ундириш белгиланган бўлса-да, ўз вазифаларига лоқайдлик қилади. Жами 67 та савдо нуқталаридаги тадбиркорлик субъектлари билан шартнома тузмай, 2018 йил ва 2019 йилнинг 3 ойи давомида жами 269 млн. 487 минг сўм инфра ва ижара тўловларини ундирилмаслиги натижасида давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабабчи бўлган.
Айни шу ҳолат юзасидан директор ЖК 167-моддаси 2-қисмининг “в,г” бандлари ва 207-моддасининг 1-қисми, жамият ҳисобчиси ЖК 167-моддаси 2-қисмининг “в,г” бандлари ҳамда бозор директорининг рафиқаси ЖК 28, 167-моддаси 2-қисмининг “в” банди билан айбланганларга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг 2019 йил 23 августда чиқарилган ҳукми устидан келтирилган апелляция шикоятига асосан жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилди...
"ЖПК ҲАМДА ПЛЕНУМ ҚАРОРИ ТАЛАБЛАРИГА РИОЯ ҚИЛИНМАГАН"
Маъмуржон КАДИРОВ, жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди судьяси:
— Судланувчининг хотини ва ҳисобчиси ҳам судланган бўлиб, суд ҳукмининг унга оид қисмига протест ёки шикоят келтирилмаган. ЖПК 482-моддасининг 2-қисмида, суд шикоят ёки протестда баён этилган важлар билан чегараланмай, ишни барча маҳкумларга, шу жумладан шикоят бермаган ҳамда устидан шикоят ёки протест билдирилмаганларга нисбатан ҳам тўла ҳажмда текшириши белгиланган. Судлов ҳайъати, судланувчилар битта ҳолатда айбланганликларини инобатга олиб, ишнинг ҳисобчи ҳамда судланувчи аёлга нисбатан қисмини муҳокама қилишни лозим топди.
Бозор раиси апелляция шикоятида, хотини иш юритувчи сифатида ишлагани, тадбиркорлардан инфра ва ижара тўловларини ундириш унинг ваколатларига кирмагани, унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги ҳақидаги важларни келтирган. Шу боис суд ҳукмини бекор қилиб, ЖПКнинг 83-моддасига асосан оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.
Судлов ҳайъати шикоятдаги важларни жиноят иши ҳужжатлари билан бирга таҳлил қилиб, ҳисобчи ва судланувчи аёлга оид қисмини бекор қилишни лозим топди. Боиси дастлабки тергов органи ва биринчи босқич суди томонидан ЖПК ҳамда Пленум қарори талабларига риоя қилинмаган.
Дастлабки тергов органи ва биринчи босқич суди томонидан икки гувоҳнинг судланувчи аёлнинг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини шакллантириш нуқтаси” МЧЖда ишламагани ҳақидаги кўрсатмасини инобатга олиб, судланувчи аёлнинг “Хатирчи деҳқон бозори” МЧЖ ва унинг таъсисчилигида ташкил этилган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини шакллантириш нуқтаси” МЧЖда ишламагани ҳақида барвақт нотўғри тўхтамга келган. “Хатирчи деҳқон бозори” МЧЖда иш юритувчи штат бирлиги мавжудлиги, судланувчи аёл ушбу лавозимга ишга қабул қилингани ҳар томонлама, тўла холисона текширилмаган.
Апелляция инстанциясида сўроқ қилинган гувоҳлар судланувчи аёлнинг “Хатирчи деҳқон бозорида” қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини шакллантириш билан шуғуллангани, ишлаганини баён қилишди.
Юқоридагиларга кўра, судланувчи аёлнинг эри ва ҳисобчи билан тил бириктириб, “Хатирчи деҳқон бозори” МЧЖ ва унинг таъсисчилигида ташкил этилган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини шакллантириш нуқтаси” МЧЖда ишламай, жамиятга тегишли мол-мулкни талон-торож қилганликда айблаб бўлмайди.
Бироқ “Хатирчи деҳқон бозори” МЧЖнинг 2014-2018 йиллар даврида солиқ қонунчилигига риоя қилиниши ҳамда назорати солиқ ва Департамент органларига юклатилган ҳукумат қарорларининг бажарилиши юзасидан ўтказилган ҳужжатли текшириш далолатномасига кўра, судланувчи аёлга 2018 йил майдан декабрга қадар берилиши лозим бўлган ойлик иш ҳақи 4.386.700 сўмни ташкил этиши аниқланган. Бироқ 2.863.300 сўм ортиқча тўланган.
Судлов ҳайъати, бозор раисининг важларини муҳокама қилиб, инкор этиб бўлмайдиган объектив далиллар йиғиндиси билан айбсизлиги тўлиқ ўз исботини топганлиги боис ишончга сазовор эмас, деб баҳолади.
— Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг 2019 йил 23 августдаги судланувчиларга нисбатан чиқарган ҳукмининг бозор раисига оид қисми ўзгартирилди. Яъни, унинг ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳолати бўйича айблови бекор қилинди. Бироқ мансабга совуққонлик билан қараш айблови исботини топди.
Бозор ҳисобчисига ЖК 167-моддаси 2-қисмининг “в,г” бандлари билан қўйилган айблов олиб ташланди. Бозор раисининг хотинига қўйилган айбловлар ҳам исботини топмади ва улар ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан оқланди. Апелляция шикояти қисман қаноатлантирилди.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист