Вазирлар Маҳкамасининг “Бухоро шаҳрида Мухтор Ашрафий номидаги ижод мактабини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ҳужжат лойиҳасида ижод мактаби ўзбек ва жаҳон мусиқа санъати ривожига улкан ҳисса қўшган машҳур композитор, дирижёр, маҳоратли педагог ҳамда ўзбек мусиқа санъати асосчиларидан бири Мухтор Ашрафий издошларини кашф этиш ва уларнинг ўз истеъдодларини кенг намоён қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилиши айтиб ўтилган.
Мактабни қуриш учун Бухоро шаҳар А.Ғиждувоний кўчаси ҳудудидан ер майдони ажратилади.
Лойиҳада келтирилишича, 2020-2021 ўқув йилида мактабнинг мусиқа ҳамда она тили ва адабиёти йўналишларига 7-8-9-10-синфларига ҳамда 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб 7-синфига 20 нафардан ўқувчи танлов асосида қабул қилинади.
Ижод мактаби учун 200 ўринли мактаб биноси ва унинг 200 ўринли ётоқхона биносини қурилиб жиҳозланади.
Мактаб ётоқхона, ошхона, кутубхона, фаоллар зали, хор, мусиқа хоналари ва ўқув-лаборатория жиҳозлари ҳамда компьютер техникаси билан таъминланади.
Мактабга иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида мусиқа ва адаиёт йўналишларида ижодий танлов, тегишли фанларидан тест синови ва психологик-педагогик диагностика ўтказилади.