Ижтимоий тармоқларда Уйчи тумани халқ таълими бўлимига қарашли 11-сонли умумий ўрта таълим мактабидаги ўқувчи ва ўқитувчи муносабати билан боғлиқ ҳолат акс этган видеолавҳа намойиш этилган.
Халқ таълими вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, мактабнинг 9-синф ўқувчиси томонидан 2020 йил 27 февраль куни ижтимоий тармоққа ҳавола этилган видеолавҳада акс этганидек, физика фани ўқитувчиси Дилдора Боқижанова синфга кирган пайтда ўқувчилардан бири С. М. футбол тўпини улоқтиради. Тўп ўқитувчининг юзига тегади. Ҳомиладор бўлган ўқитувчи кутилмаган вазиятдан қўрқиб кетиши оқибатида тўпни ўзи томон улоқтирган ўқувчига “Онанг сенга тарбия бермаганми?” деб танбеҳ беради. Ўқувчи эса ўқитувчига ножоиз сўзлар билан гап қайтаради.
Мазкур ҳолат Уйчи тумани халқ таълими бўлими томонидан тузилган ишчи гуруҳи томонидан 28 февраль куни мактаб ўқитувчиси Д. Боқижанова, синф раҳбари Э. Усманова ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида ўрганилиб, муҳокама қилинди. Ўрганиш ва ҳолат юзасидан ўтказилган йиғилишда туман халқ таълими бўлими мудир ўринбосари М.Заитов ва “Мирзаравот” маҳалла фуқаролар йиғини раиси З. Маматханов сўзга чиқиб, ўқувчиларни таълим муассасаларида уяли алоқа телефонларидан фойдаланиши тақиқланган бўлишига қарамай баъзи ўқувчилар ва ота-оналари бундай ҳолатга йўл қўяётганликлари, шу туфайли юқоридаги каби вазиятлар содир этилаётгани баён этиб ўтдилар.
Шундан сўнг нохуш вазиятни видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга ҳавола этган ҳамда ўқитувчига интизомсизлик билан муносабатда бўлган ўқувчининг ота-онаси сўзга чиқиб, хақиқатдан ҳам мактаб раҳбарияти томонидан ота-оналар йиғилишлари, кузатув кенгаши ва синф раҳбарлари томонидан ўтказилган йиғилишларда ўқувчиларни мактабда мобиль алоқалардан фойдаланмаслиги мунтазам равишда тушунтирилиб, бу ҳақда бир неча бор огоҳлантирилишига қарамай улар фарзандларига мобиль телефон олиб беришгани, бу ҳолат қайта такрорланмаслигини таъкидлаб, фарзандларининг қилган ишларини қоралаб, фан ўқитувчиси ва мактаб раҳбариятидан узр сўрадилар.
Ўз навбатида, фан ўқитувчиси Д. Боқижанова ўқувчи томонидан улоқтирилган тўп юзига қаттиқ текканлиги сабабли асабийлашиши оқибатида ўқувчиларга асабий муносабатда бўлганлиги учун уларнинг ота-оналари ҳамда мактаб раҳбариятидан узр сўраб, бундан кейинги иш фаолиятида бундай ҳолатга ҳамда хато ва камчиликларга йўл қўймаслиги, ўқувчилар билан доимо дўстона муносабатида бўлишини билдирди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассиси Э. Турсунов ва туман халқ таълими бўлими мудири Ш. Мурадов мактаб директори А. Мўйдинов мактаб жамоаси билан бу каби ҳолатларни олдини олиш юзасидан зарурий чора-тадбирларни кўриш юзасидан суҳбатлашдилар.
Ўрганиш якунига кўра, ишчи гуруҳи томонидан мазкур ҳолатнинг келиб чиқиши ва бунга имкон яратган шарт-шароитлар бўйича хулоса қилиниб, юқоридаги каби ҳолатлар келиб чиқишини олдини олмаган, ўз вазифасини лозим даражада бажармаган масъулларга нисбатан тегишли тартибда чоралар кўрилиши белгиланди.
Ўқитувчи ва ўқувчи муносабатларининг бугунги таълим-тарбия жараёнларида, келажак авлод камолида ҳамда умумтаълим мактабларида ижтимоий-маънавий муҳитнинг соғлом ва намунали бўлишида ўрни ва аҳамияти муҳим. Шундан келиб чиқиб, вилоят хақл таълими бошқармаси томонидан умумтаълим мактаблари фаолиятини намунали йўлга қўйишга янада эътибор билан ёндашган ҳолда илм масканларида ўқитувчи ва ўқувчи муносабатлари, маънавий-маърифий ва ахлоқий тарбия ишлари намунали бориши доимий назоратга олинади, дейилади Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати хабарида.