Токиода бўлиб ўтадиган ёзги олимпиада ўйинларига йўлланма берувчи ҳаваскор бокс бўйича саралаш турнирида ўзбекистонлик беш нафар боксчи рингга чиқиб, уларнинг уч нафар олимпиада лицензиясига эга чиқди.
Эркаклар ўртасида -69 кг вазн тоифасида Бобоусмон Батуров чорак финалда хитойлик Кионг Ерсунни қийинчилик билан мағлуб этди ва Токио Олимпиадасига илк лицензиясини қўлга киритди. Шундан сўнг, Санжар Турсунов (-91 кг) эронлик Туфан Шарифини 5:0 ҳисобида енгиб ва Баҳодир Жалолов (+91 кг) Баҳрайн шарафини ҳимоя қилаётган, асли келиб чиқиши бошқирдистонлик Денис Латиповни 5:0 ҳисобида енгиб лицензияларни қўлга киритишди.
Қизлар ўртасида Мафтуна Мелиева (-69 кг) ҳиндистонлик Ловлина Боргоаинга, эркаклар ўртасида Фанат Қаҳрамонов (-75 кг) эса қозоғистонлик Абилхан Аманқулга имкониятни бой бериб қўйди.
Бугун яна қолган боксчилар рингга чиқишади. -52 кг вазнда Шаҳобиддин Зоиров, -57 кгда Миразизбек Мирзаҳалилов, -63 кг вазнда Элнур Абдураимовлар ғалаба қозонган тақдирда Токио олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритишади.
Бугунги жанглар рўйхати қуйидагича:
-51 кг: Турсуной Раҳимова – Ксяо-Вен Хуанг (Хитой Тайпейи)
-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров – Умид Аҳмадисафо (Эрон)
-57 кг: Миразизбек Мирзахалилов – Синг Ю Цо (Гонгконг)
-60 кг: Райҳона Қодирова – Судапорн Сисонди (Таиланд)
-63 кг: Элнур Абдураимов – Гарсайд Харрисон (Австралия).






