my5
all

Ўзбекистонда қайд этилган коронавирус бўйича қўшимча маълумот берилди

ЖАМИЯТ 15.03.2020, 20:10
3875
Ўзбекистонда қайд этилган коронавирус бўйича қўшимча маълумот берилди

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими Ўзбекистонда қайд этилган коронавирус инфекцияси тўғрисида қўшимча маълумот тақдим этди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 14 март куни Республика Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникасига COVID-19 коронавирус инфекциясига гумон қилиниб 1 нафар бемор ётқизилган. Бемор 2020 йилнинг 28 феврал - 11 март кунлари Францияда сайёҳатда бўлган.

11 март куни соат 6:00 да Париж-Тошкент 252-рейси билан Тошкентга учиб келган. Тошкент халқаро аэропорти санитария-карантин пунктида термометрия ҳамда бирламчи тиббий текширувдан ўтказилган ва текширув давомида касаллик белгилари аниқланмаган. Асосий яшаш манзилига аниқлик киритилиб, уй шароитида 14 кунлик тиббий кузатувга олинган.

Жорий йилнинг 13 март куни бемор томоғида қичишиш, тана ҳарорати кўтарилиши ҳамда йўтал белгилари билан шифохонага ётқизилган.  

Бемордан 14 март куни коронавирус инфекциясига лабортория таҳлили учун Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникасига намуна олинган ва 15 март куни соат 06.00да намуна жавобларига кўра коронавирус инфекцияси борлиги тасдиқланган. Самолётда бемор билан 48 нафар йўловчилар келган. Улардан 24 нафари транзит йўловчилар бўлиб, қолган 24 нафари Ўзбекистонда қолган. Ушбу фуқароларнинг 4 нафари Франция, 1 нафар Италия ва 1 нафар Бразилия фуқаролари ташкил қилади.  

Ўзбекистонда қолган 24 нафар фуқаролар асосий яшаш манзили бўйича рўйхатлари шакллантирилди. Уларни 14 кунлик карантин ўтказиши учун махсус тайёрланган муассасаларга жойлаштирилди.  Шунингдек, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида 11 март куни фаолият олиб борган 69 нафар чегара қўшинлари, божхона, аэропорт ходимларининг рўйхати шакллантирилди ҳамда махсус муассасаларда 14 кунлик тиббий кузатувга олинди.  

Беморнинг 10 нафар оила аъзолари тўлиқ текширувдан ўтказиш учун Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникасига жойлаштирилди. Бемор истиқомат қилувчи кўп қаватли уй ва бемор хонадонида дезинфекция тадбирлари ўтказилди. Шу билан бирга, мазкур кўп қаватли уйда яшовчи 230 нафар фуқаролар рўйхати шакллантирилиб, тиббий кузатувга олинди.

 

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+36° ясно
Валюта курси
10139.30
USD 9.74
11051.84
EUR 96.72
141.35
RUB 3.81