my5
all

Сенат Ўзбекистон халқидан ваҳима қилмасдан санитария-гигиена қоидаларига амал қилишни сўрамоқда

ЖАМИЯТ 15.03.2020, 20:28
700
Сенат Ўзбекистон халқидан ваҳима қилмасдан санитария-гигиена қоидаларига амал қилишни сўрамоқда

Хабарингиз бор, сўнгги кунларда коронавирус инфекцияси (COVID-19) дунё ҳамжамиятига жиддий хавф солиб келмоқда. Шу боис Ўзбекистонда ҳам мазкур касаллик тарқалишининг олдини олиш борасида зарур чоралар кўрилмоқда. 

Аммо 15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилди. Шу боис, бугун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир А.Арипов бошчилигида Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши қандай чоралар кўрилаётгани бўйича  комиссия йиғилиши ва оммавий ахборот воситалари учун брифинг ўтказилди.  

Йиғилишда бу борада олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берилиб, барча таълим муассасалари карантинга олиниши, профилактик чоралар кучайтирилиши хусусида сўз юритилди. Бу эса мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофазалаш борасида қўйилган яна бир муҳим қадамдир.

Бироқ Ўзбекистонда ҳам коронавирус қайд этилгани хусусидаги хабар эълон қилинганига кўп вақт ўтмаган бўлса-да, айрим юртдошларимиз орасида ваҳима кучаймоқда. Шу ўринда саросимага тушиб, ваҳима қилишга асос йўқлигини таъкидламоқчимиз. Сабаби, мамлакатимизда бу борада барча зарурий чоралар кўрилган,  дори воситаларининг захираси етарли.  Санитария-карантин пунктларига қўшимча врачлар, тепловизор ва контактсиз термометрлар, шахсий ҳимоя воситалари ажратилиб, фаолияти самарадорлиги кучайтирилган.

Ваҳима инсон организмида стресс ҳолатини кучайтириб, натижада иммун тизими бузилиши мумкин. Ваҳоланки, иммунитети паст кишилар  вирусни юқтириб олиши эҳтимоли каттадир.  Шу боис, ваҳима ва саросимага берилмасдан санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш зарурлигини эслатамиз.

Қуйида вирусдан ҳимояланиш бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қуйидаги тавсияларига риоя қилинг  

1. Қўлингизни тез-тез совунлаб ювинг, спиртли антисептик воситалардан фойдаланинг. Айниқса, жамоат транспортидан фойдалангандан кейин.

2. Кўз, оғиз ва бурнингизни ушлашдан тийилинг, қўл бериб саломлашмасликка ҳаракат қилинг.

3. Аксирганда, йўталганда юзингизни рўмолча ёки тирсагингиз билан тўсинг.

4. Одам кўп тўпланадиган жойларга бормасликка ҳаракат қилинг. Шамоллаш ва грипп аломатлари бор одамларга яқинлашманг.

5. Иситма – янги турдаги зотилжамнинг энг асосий ва биринчи белгиларидан бири. Иситмангиз бўлса, уйдан чиқманг.

6. Иситма, йўтал, нафас олиш қийинлашиши кабилар белгилар намоён бўлса, шифокор ҳузурига борманг, аммо кечиктирмасдан тиббий ёрдамга телефон орқали мурожаат қилинг. Хоналарни тез-тез шамоллатиб туринг.

7. Коронавирусга оид сўнгги расмий хабарлардан бохабар бўлиб туринг. Янгиликларни ишончли, расмий манбалардан олишга эътибор қаратинг.

Ўйлайманки, халқимиз билан биргаликда изчил ҳаракатларни амалга ошириб, ушбу синовдан ҳам юзимиз ёруғ бўлиб чиқамиз. Ишончим комилки, биз, сенатор ва депутатлар вазирлик ва идоралар мутасаддилари билан ҳамкорликда, шунингдек ҳар биримиз мамлакатимизда бу борада қабул қилинган чора-тадбирлар ўз вақтида ва самарали татбиқ этилиши учун бор куч-ғайратимизни аямаймиз. Албатта, бу вирусга қарши кураш ўз натижасини беради ва унга чек қўйилади,

Робахон Махмудова,

Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни

сақлаш масалалари қўмитаси раиси

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+35° ясно
Валюта курси
10139.30
USD 9.74
11051.84
EUR 96.72
141.35
RUB 3.81