my5

“Этик” ичида “замбуруғ”. Ёхуд Италия нега коронавирусга қарши кураша олмади?

ДУНЁ 25.03.2020, 09:05
3564
“Этик” ичида “замбуруғ”. Ёхуд Италия нега коронавирусга қарши кураша олмади?

Халқаро тадқиқотчилар жамоаси томонидан юритиладиган “Worldometers” портали маълумотига кўра, бугун дунёда короновирус (COVID-19) пандемияси қамраб олган кишилар сони 400 мингдан ортиқни ёки дунё аҳолисининг 0,004 фоизини ташкил этмоқда. 

Касалланганлар ичида вафот этганлар 16,5 минг нафарини (4,3%) ва соғайиб кетганлар 102,5 минг нафар (26,7%). 

Албатта касаллик дунё миқёсида бир текис тарқалмаган. Хусусан, короновирусдан энг кўп жабр кўраётган мамлакат Италия бўлиб қолмоқда. 

Бугунги кунга келиб мазкур мамлакат аҳолисининг (60,4 млн. киши) қарийб 64 минг нафари короновирусга чалинган. Бу эса ҳар мингинчи италиялик короновирус билан зарарланганини англатади ёки ҳар бир миллион кишига 1057 нафар бемор тўғри келмоқда. 

Мазкур касалликдан вафот этганлар сони бўйича ҳам Италия жаҳонда энг кўп қурбон берган мамлакат бўлиб турибди – 6 мингдан кўпроқ ёки жами касалланганларнинг 9,5 фоизи

Афсуски Италияда мазкур касалликка чалинганлар ўртасида соғайганлар кўрсаткичи ҳам унчалик юқори эмас ҳозирча – бор йўғи 7,4 минг киши (11,6 фоиз) тузалди. 

Таъкидлаш жоизки, Италия касаллик ўз ҳудудида аниқланган (2 киши) дастлабки кунлардаёқ, яъни 31 январда мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий қилган бўлишига қарамай, пандемиянинг бу қадар кенг қулоч ёйишини тўхтатиб қола олмади. 

Хўш бунга сабаб нима?

Қанчалик ачинарли бўлмасин бунга асосий сабаб – италияликлар дастлабки кунларда кўркўрона қаҳрамонлик кўрсатишиб, турли умумий овқатланиш муассасаларида тўпланишни тўхтатишмаганлиги, флешмоблар уюштириб, “ўзларининг короновирусдан қўрқмаслигини” кўрсатиши бўлди, дейишмоқда кузатувчилар.

Натижада 30 кун ичида Италида короновирус юқтирганлар сони минг маротаба ортиб, 2 мартдаёқ 2 минг кишидан ортиқ фуқарога юқди. Бу пайтда мамлакатда 50 нафардан ортиқ бемор ҳалок бўлиб улгурган эди.

Кейинги кунларда касалланганлар сони ҳар куни геометрик прогрессиафавя билан ортиб бориши оқибатида, табиий равишда, унинг тарқалишини тўхтатиш ҳам, беморларни даволаш ҳам қийинлашиб бораверади. Чунки ҳар қандай мамлакатнинг эпидемияга қарши салоҳияти иқтисодий имкониятлар ва касалланиш кўламига тескари пропорцияда бўлади. 

Юзага келган вазиятда Италия ҳукумати энг оғир карантин чораларини жорий қилишга мажбур бўлмоқда:

- фуқаролар энг зарур ҳоллардан ташқари барча ҳолатларда мамлакат бўйлаб ҳаракатлана олмайдилар;

- ҳар қандай кўринишдаги жамоавий тадбирлар бекор қилинган;

- мазкур қоидаларга риоя қилиниши устидан полиция ва армия назорати ўрнатилган.

- карантин чораларини бузган фуқаролар жарима ёки қамоқ жазосига тортилади[1].

Энг муҳими эмидемия кўлами кенгайиб кетганлиги туфайли мазкур чекловлар қанчалик узоқ давом этиши номаълумлигича қолмоқда. Бу эса узоқ муддатли ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни келтириб чиқариши турган гап.

Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар қандай хулоса чиқармоғи лозим?

Фақат ақлсиз кишилар ўз хатоларидан хулоса чиқарадилар, дейишади. Шундай экан, италияликлар қоқилган чуқурларни биз — ўзбекистонликлар четлаб ўтишимиз лозим. 

Бунинг учун, бугунги кунда Ўзбекистонда киритилган карантин чекловларига сўзсиз амал қилиш ҳар бир фуқаронинг ҳаёт-мамот масаласига айланмоғи лозим.

Ҳозирда амал қилишимиз керак бўлган чораларни қанчалик сабр-тоқат билан қабул қилсак, короновируснинг мамлакатимизда тарқалиши шунчалик чекланади ва ушбу чекловлар тез фурсатларда ечилиши имконияти ортади. 

Бошқа томондан, фуқароларимиз давлат томонидан вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга ўз ҳиссаларини қўшишса, нур устига аъло нур бўлган бўлар эди. Хусусан, қўшни Қозоғистонда мамлакат фуқаролари томонидан шу мақсадларда йиғилган хайрия маблағлари миқдори бир неча кун ичида салмоқли маблағни ташкил этгани, ўзбекистонликларни ҳам бефарқ қолдирмаган деган умиддамиз. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, башарият ва юртимиз бошига иш тушган бугунги кунларда, ҳар бир фуқаро ўзининг масъулиятини намоён этса, Италиядаги каби тизгинсиз вазият юзага келмаслигига ишонамиз.

 

Сухроб Юсупов, таҳлилчи

 

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+22° облачно с прояснениями
Валюта курси
10315.62
USD 20.29
12210.60
EUR 15.78
136.28
RUB -1.37