Аи-91, Аи-92 ва Аи-95 бензинларининг нархи 3%га пасайиши кутилмоқда, дея хабар берди ўз манбасига таяниб, «Газета.uz». Нархлар ўзгариши яқин кунларда амалга ошиши кутилмоқда.
Янги нархлар ҳафта охиригача эълон қилиниши кутилмоқда. Манбанинг маълум қилишича, «Ўзбекнефтгаз» компанияси ёқилғи нархини пасайтиришидан мақсад аҳолининг харидорлик қувватига салбий таъсир бўлишининг олдини олиш.
Ўз навбатида, келажакда нархларга коронавирус инфекциясининг тарқалиши оқибатида истеъмолчиларнинг ёқилғига бўлган эҳтиёжининг ўзгариши ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Ёқилғи нархининг келажакда арзонлашишининг яна бир омилларидан бири — таклифнинг талаб ҳажмидан ошиши. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2020 йилнинг январь-февраль ойларида автомобиль бензинини ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилги шу даврга нисбатан 25,5%га — 151,6 минг тоннадан 190,3 минг тоннагача ошган. Талаб эса пастроқ суратда ўсмоқда.
Ҳозирги кунда Аи-80 бензинининг нархи 4500 сўм, Аи-91 — 5800 сўм, Аи-92 — 6200 сўм, Аи-95 — 6 585 сўм. Аи-80 бензинининг нархи ўзгаришсиз қолиши кутилмоқда.
Қўшимча қилинишича, апрель ойида дизель ва ЭКО дизель ёқилғиларининг нархи ҳам пасайтирилиши режалаштирилмоқда. Олдинроқ импорт қилинадиган дизель нархи 7500 сўмдан 7300 сўмга арзонлашган эди.
Ўзбекистонда автомобиль бензини (Аи-80, Аи-91, Аи-92 и Аи-95) ва дизель ёқилғиси Фарғона ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб чиқарилади.
Олдинроқ ҳукумат томонидан Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводига мустақил равишда ўз маҳсулотларининг (Аи-80, Аи-91, Аи-92 бензинлари, Б-92, мазут, дизель ёқилғиси, мотор мойлари, битум ва бошқалар) нархларини белгилаш ҳуқуқи берилган эди. Бундан ташқари, Индонезиялик PT Trans Asia Resources билан ушбу заводнинг сотуви борасида келишув имзоланган.
15 августдан бошлаб Аи-91 бензинининг нархи биржа савдолари орқали белгиланмоқда.