"Беморлар ўз яқинлари билан видолаша олмай, кўзларида ёш билан вафот этмоқда..." Италиялик шифокорнинг йиғлаб ёзган мактуби жаҳонни ларзага солди

ДУНЁ 25.03.2020, 10:44
3147
"Беморлар ўз яқинлари билан видолаша олмай, кўзларида ёш билан вафот этмоқда..." Италиялик шифокорнинг йиғлаб ёзган мактуби жаҳонни ларзага солди

Айни пайтда коронавирус инфекциясидан энг кўп талофат кўраётган давлат Италия бўлиб қолмоқда. Мамлакатда бир кунда ўртача 500 нафардан одам касаллик сабаб ҳалок бўлмоқда. Бугун интернет оламида ана шу қурбонларнинг бевосита гувоҳи бўлиб бораётган италиялик шифокорнинг мактуби жаҳонни ларзага солди. Қуйида биз ҳам ушбу мактубнинг ўзбек тилидаги таржимасини ўз ҳолида сизга тақдим этдик:

"Мамлакатимизда даҳшатли фожиалар рўй бермоқда. Қари беморлар кетар чоғи ўз яқинлари билан видолаша олмаганларидан кўзларида ёш билан вафот этмоқдалар. Улар уйидагилар учун сўнгги видолашув сўзларини камерага қараб айтишдан бошқа иложлари йўқ. Кўп ҳолларда эр ва аёли бир кунда жон бермоқда. Бу хасталик гриппга қараганда анча хавфли. Сиздан илтимос бу иллатни "гриппнинг бир турида" дея кўрманг! Тана ҳарорати шундай кўтариладики, иситмага чидаб бўлмайди. Беморга ҳаво етишмайди, у худди чўкаётган кишидек қийналиб нафас олади. Беморлар шифохонага келишни хоҳлашмайди, лекин озроқ бўлсада нафас олиш илинжида барибир келишга мажбур бўлишади.

Бу хасталикка қарши жуда кам дори воситалари мавжуд. Биз қўлимиздан келган барча ишни қиляпмиз, бироқ барчаси беморнинг аҳволига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ёши ўтган беморлар касалликка қарши кураша олишмаяпти. Биз ҳаммамиз йиғлаяпмиз. Ҳамшираларимиз йиғлашяпти. Қани энди ҳамманинг ҳаётини сақлаб қололсак! Мен кўз ўнгида ҳаёти тугаб бораётганларни кўряпман. Ўта кучли ўпка яллиғланиши. Менга айтингчи, қандай грипп шунчалик талофат келтиради? Бу умуман бошқача вирус. Баъзи одамдар учун бу айниқса хавфли. Бизнинг мамлакатда, ўртача 65 ёшдан ошганларда қанд касаллиги, қон босими кўтарилиши ва бошқа касалликлар кўп учрайди. 

Баъзи ёш одамларда ҳам бу касаллик хавфли кечмоқда. Бу касаллик билан оғриган ёш беморларни кўрганда, ҳар қандай соппа-соғ ёш одам ҳам ўзини хотиржам ҳис қила олмайди. Бизнинг касалхонада жарроҳлик, туғруқ, кўз касалликлари, тери касалликлари қолмади. Жарроҳлик хоналари жонлантириш бўлимларига айлантирилган. Барча вирусга қарши курашмоқда. Беморлар сони соат сайин кўпайиб бормоқда. Анализ натижаларини кутамиз. Барчасида бир хил натижа, ижобий.

Барча беморлар бир ҳил нарсадан азобланади: 

Чидаб бўлмас иситма. Нафас олиш азоб. Йўтал. Чўкаётган каби ҳис қилиш. Деярли ҳамма жонлантириш бўлимида муолажа қилинмоқда. Баъзилар ҳатто кислород маскаси билан ҳам нафас ололмайди. Кислород аппарати олтиндан қиммат. Буларнинг барчаси қандай қилиб шу қадар тез рўй берганига ишонолмаяпман. Биз ҳаммамиз чарчадик. Лекин ҳеч ким чекинишни хоҳламаяпти. Ҳамма ярим тунгача ишлайди. Докторлар ҳамширалар каби тинимсиз ишлашда давом этади. Мен ҳар икки ҳафта ўтмагунча уйга бормайман. Уйдаги ёши катталардан хавотир оламан. Болалар билан камера орқали гаплашамиз. Баъзида аёлимнинг суратига қараб йиғлайман. Айб бизда эмас, бу касаллик унчалик хавфли эмас, деганларда ҳамма айб. Улар буни одатий грипп дедилар. Ҳеч қандай чора кўрилмади. Энди эса кеч. Сиздан илтимос, уйдан ташқарига чиқманг. Бизга қулоқ солинг. Фавқулодда ҳолатлардан бошқа пайтда уйдан чиқа кўрманг. Оддий ниқобдан фойдаланинг. Ниқоб танқислиги сабаб бизларнинг ҳаётимиз ҳам хавф остида қолмоқда. Ҳозирда бир неча доктор юқтириб олди. Уларнинг оила аъзоларидан кўплари ҳаёт ва ўлим ўртасида. Ёши катталарни уйдан ташқарига чиқишига йўл қўйманг. Биз касбимиз сабаб уйда қололмаймиз. Охирги лаҳзаларгача беморларимизнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиляпмиз. Мен яшаб кетишга умид йўқ беморларнинг таналаридаги азобни иложи борича камайтиришга уриняпман. Эртага ҳаммаси яхши бўлиб кетса, бизни ҳамма унутади. Докторлик касби ўзи шундай.

Бу касаллик сизга етиб келмаган бўлса ҳам эҳтиёт бўлинг. Оммавий жойлардан узоқ туринг. Кинога, концертга, ўйингоҳларга бормай туринг. Илтимос қарияларнинг қайғусини тушунишга ҳаракат қилинг. Уларнинг ҳаёти сизнинг қўлингизда. Сиз биздан ҳам кўра кўпроқ одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга қодирсиз. Илтимос буни ҳаммага тарқатинг. Ушбу мактубни бутун Италия ўқисин. Вақт борида ўқиб олишсин!"

Италия. 
Бе Гавацени госпитали, доктор Даниеле Мачини.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+0° снегопад
Валюта курси