13

Ўзбекистонда беш кун ичида коронавирусга қарши курашиш мақсадида касалхона қуриб, фойдаланишга топширилади (видео)

ЖАМИЯТ 26.03.2020, 12:48
618
Ўзбекистонда беш кун ичида коронавирусга қарши курашиш мақсадида касалхона қуриб, фойдаланишга топширилади (видео)

Ўзбекистон24 телеканали Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш мақсадида барпо этиладиган касалхоналар ҳақида репортаж тайёрлади. Кўрсатувда айтилишича, коронавирусга қарши курашишда дунё тажрибасида алоҳида типдаги касалхоналар қурилиши ўзини оқлади. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғи билан мамлакатимизда ҳам коронавирусга чалинган беморлар учун алоҳида шифохоналар қуриш ишлари тезкорлик билан бошлаб юборилди. 

 Унда келтирилишича, касалхоналарнинг учтаси Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида ҳамда Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида қурилади. Дастлабки муассаса беш кун ичида фойдаланишга топширилади.

Юқори Чирчиқ туманида карантин муассасасини қуриш учун 55 га ер ажратилди. Иккинчи тиббиёт муассасаси Зангиота туманида барпо этилмоқда, дейилади. Айни пайтда Юқори Чирчиқ туманидаги карантин муассасасида қурилиш ишлари билан бир пайтда ҳаёт учун зарур бўлган коммуникация тармоқларини тортиш ишлари ҳам параллел тарзда олиб борилмоқда. Тез орада чартер рейслар билан Ўзбекистонга олиб келинадиган юртдошларимиз мана шу ерга олиб келинади. 

Даврон Ҳидоятов, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари:

— Дастлабки контейнерларга яқин орада етиб келадиган 500 нафар одам жойлаштирилиши мўлжалланган. Яна янги майдонларни тайёрлаш ишларини олиб борамиз, бу жуда тез фурсатда қуриб битказилади.

Шерзод Ҳидоятов, Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари:

— Ҳар бир бинога иккита самолётга сиғадиган одам жойлаштирилиши мумкин. Қаторлар орасида йўллар бўлиб, улар тиббиёт ходимларининг ҳаракатланишига мўлжалланган. Ҳар бир бемор учун барча шароитлари  — кондиционер, телевизор, коммуникация воситалари билан жиҳозланган алоҳида уйча қилинади. Касалланганлар бу ерда узоқ ушлаб турилмайди, шу яқин атрофда алоҳида касалхона қурилади. Текширишларнинг ҳаммаси санитар ҳудудда амалга оширилади. Касаллик аниқланган бемор касалхонага юборилади. Оралиқ масофа 150 метрдан узоқ бўлмайди.

Шунингдек, репортажда маълум қилинишича, карантин маскан бир вақтнинг ўзида 10 минг нафар одамни қабул қила олади. Хитой бундай касалхонани 10 кун ичида қуриб битказди, Ўзбекистон эса 5 кун ичида фойдаланишга топширади.

Бундан ташқари Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Арнасой кўчасида яна бир касалхона фойдаланишга топширилади ва пойтахтдаги учта клиника COVID-19 га қарши кураш учун қайта жиҳозланади. Зангиота туманида очиладиган касалхона лойиҳаси уч кун ичида ишлаб чиқилган бўлиб,  унда ҳар бирига  5000 нафардан одамни сиғдира оладиган иккита корпус, шунингдек, тиббиёт ходималари учун яшаш жойлари, реанимацион бўлимлар ва карантин учун махсус хоналар бўлади.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+15° пасмурно
Валюта курси
9554.22
USD 21.48
10637.67
EUR 417.62
121.10
RUB 1.11