Му5
5

Буйракда тош қаердан пайдо бўлади?

САЛОМАТЛИК 08.04.2015, 17:22
43953
Буйракда тош қаердан пайдо бўлади?

«Белимда гоҳ кескин гоҳида симиллаган оғриқ безовта қилавергач, тиббий текширувлардан ўтдим. УТТ таҳлили буйрагимда тош борлигини кўрсатди. Гарчи ўлчами кичик бўлса-да, тушиб кетармикан деган ҳавотирдаман. Янада катталашса-чи? Нима қиламан?»

Наргиза Акромова, Тошкент вилояти

Мавзу юзасидан олий тоифали шифокор-уролог, доцент Улуғбек ХУДОЙБЕРГАНОВ маълумот беради. 

Статистик маълумотларга кўра, буйрак-тош касаллиги – нефролитиазга чалинувчилар сони кундан-кунга ошиб бормоқда. Хасталикка доир кўрсаткич эркак ва аёлларда деярли бир хил. Буйракдаги тошлар жойлашиши ва хажмига кўра турлича бўлади. Урат, оксалат, фосфат тошлари, пешоб суюқлигида шовул кислотасининг кўпайиб кетишини натижасида чўкмалар пайдо бўлишидан сўнг келиб чиқадиганлари, шунингдек, кальций тузининг сийдикда меъёрдан ортиқча ажралиши сабабли пайдо бўладиган тошлар шулар жумласидан. 

САБАБИНИ БИЛАСИЗМИ? 

Буйрак-тош касаллиги асосан организмда моддалар алмашинувининг бузилиши сабабли келиб чиқади. Шу билан бирга хасталикнинг бошқа омиллари ҳам йўқ эмас. Хусусан:

  • Етарли миқдорда суюқлик ичмаслик сабаб организмда сув алмашинувининг бузилиши;
  • Пешоб йўлларидаги инфекциялар;
  • Пешоб хажми камайганда ёки суюқлиги таркибида тош пайдо қилувчи моддалар кўпайганида буйракда тош ҳосил бўлиши.

Тошлар турли хасталиклар асоратида ҳам юзага келиши мумкин. Жумладан:

  • Подагра – пешоб кислотаси ортиб, тош пайдо бўлиш хавфи пайдо бўлади.
  • Пешоб таркибида кальций тузининг кўплиги (хасталикнинг 50% ни ташкил қилади).
  • Қандли диабет ва гипертония билан оғриганларда ҳам буйрак тошининг юзага келиш эхтимоли бор.
  • Шунингдек, баъзи дори препаратлари ҳам буйракда тош келтириб чиқариши мумкин.

ҚАНДАЙ АЛОМАТЛАРИ БОР?

Аксарият холларда буйрак тоши қорин, бел ва тос соҳасида кескин оғриқ бериши билан характерланади. Оғриқ шу қадар кучли бўладики, ҳатто тана ҳолатини ўзгартирганда ҳам ўтиб кетмайди.  Кўнгил айниши, қайт қилиш, пешоб рангининг тўқлашиши, сийдик ажралишининг қийинлашиши каби аломатлар ҳам хасталикдан дарак беради. Агар пешоб йўлларида тошдан ташқари инфекция бўлса, тана ҳарорати кўтирилиши , эт увишиши ёки холсизлик юзага келади.

ТОШЛАР ҚАНДАЙ ПАЙДО БЎЛАДИ?

Тошлар аввалига турли таркибга эга майда кристалл кўринишида бўлиб, суюқлик миқдори етарлича қабул қиладиган кишиларда сийдик ажралиши орқали чиқиб кетади. Агар бу ҳолат юз бермаса, кристаллар ўса бошлайди ва бир-бири билан бирлашиб, тошга айланади. Одатда, тошлар ўлчами 4 мм дан 4-5 см.гача бўлиб, бир неча йиллар давомида билинмай катталашиши мумкин. Буйракда қум ёки туз борлиги аниқланганида у тошга айланмаслиги учун зарур даво чораларини кўриш лозим. Афсуски, буйракда тош пайдо бўлганида уни бартараф этишга қаратилган муолажа қайта тош тўпланмаслигига кафолат бера олмайди. Шу боис ҳам тош олиб ташлангач, унинг таркиби ўрганилиб, қандай маҳсулотларни истеъмол қилиш ва нималарга аҳамият қаратиш кераклиги кўрсатилади.

НАСЛ СУРАДИМИ?

Мутахассислар, буйрак хасталиклари билан боғлиқ ирсий мойиллик 1-2 фоиз эканлигини таъкидлашади. Баъзан оила аъзоларида сийдик-тош касаллиги ёҳуд поликистоз аниқланган бўлса, унинг кейинги авлодларида мазкур хасталикларнинг бирортаси ҳам кузатилмаслиги мумкин. Шу боис аксарият холларда буйрак билан боғлиқ касалликлар орттирилган бўлади.

ТАШХИС ҚЎЯМИЗ!

Буйракдаги номеъёрий ўзгаришларни аниқлаш учун шифокор ҳузурида пешоб таҳлили, УТТ ва рентген текширувлари ўтказилади. Шунингдек умумий шикоятларингиз, безовталик қачондан бошлангани, оғриқ асосан қачон хуруж қилаётгани суриштирилади.

ҚАНДАЙ ДАВОЛАНАДИ?

Тош хажми катта бўлмаса (4-5мм), етарли миқдорда суюқлик ичилганида сийдик орқали тушиб кетади. 9-10 мм.ўлчамдан катта тошларга  эса даволаш усуллари тадбиқ этилади. Бунда тошни майдалаб туширувчи муолажа тури танланиб, тош сийдик йўлларидан ўта оладиган даражага келтирилади. Буйракдаги тош ўлчами 1,5 см.гача бўлганида уни майдалаш мақсадида электромагнит тўлқин ёки ультратовуш зарб тўлқини ёрдамида муолажа ўтказилади. Мазкур амалиёт амбулатор шароитда бажарилиб, ҳеч қандай тиғ ишлатилмайди. Электромагнит тўлқин таъсирида майдаланган тошлар 3-5 кун ичида сийдик билан тушиб кетади. Хажми йирик тошларга эса эндоскопик жаррохлик амалиёти тадбиқ этилади.

ОЛДИНИ ОЛИШ МУМКИНМИ?

Буйрак тоши пайдо бўлмаслигининг асосий талабларидан бири соғлом турмуш тарзига риоя этиш. Ўз вақтида таомланиш, витаминга бой маҳсулотларга урғу бериш, етарлича суюқлик ичиш кабилар шулар жумласидан. Ҳар кунги енгил жисмоний машқлар ҳам организмни чиниқтиради. Шу билан бирга қон айланишини ҳам яхшилайди.


 

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+9° пасмурно
Валюта курси
9528.49
USD -10.67
10319.35
EUR -119.35
150.07
RUB 1.3
rightuz