my5

Коронавирус фобиями ёки огоҳлик?

САЛОМАТЛИК 28.03.2020, 12:06
Теглар: коронавирус, фобия
1074
Коронавирус фобиями ёки огоҳлик?

Охирги кунларда глобал муаммога айланаётган коронавирус инфекцияси ҳар қадамда одамларнинг қулоғига чалинмоқда ва беихтиёр одамзотни хавотирга ва ваҳимага солмоқда.

Аввало бу касаллик хақида нимани биламиз? Коронавирусдан эҳтиёт-огоҳ бўлиш талабида қандай ишлар олиб борилмоқда? Коронавирусга чалиниб қолиш ваҳимаси, яъни  короновирусофобияни инсон руҳиятига таъсирини нима билан изоҳлаш мумкин?  каби саволлар онгимизда чарх уриши табиий.

Янги коронавирус келтириб чиқарган касаллик Хитойда денгиз маҳсулотларидан, баъзи манбаларга кўра эса кўршапалакдан тарқалганлиги ҳақидаги маълумот барчамизга маълум. Келинг, ушбу касаллик ҳақида янада батавсилроқ танишиб ўтсак.

Коронавируслар – вируслар оиласига мансуб “Атипик зотилжам” (SARS) касаллигини чақирувчисига ўхшаб кетувчи вирус бўлиб, беморларда оддий шамоллашдан то ўткир оғир респиратор синдром (ТОРС) деб номланувчи оғир кечувчи касалликни келтириб чиқаради. “Атипик зотилжам” касаллиги ҳам 2002 йилда Хитойда келиб чиққан бўлиб, 37 давлатга тарқалган ва 8 мингдан ортиқ киши касалланган эди.

Янги коронавируснинг ҳусусиятлари ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб лабораторияларида ўрганилмоқда. Олимларнинг изланишлари натижасида касаллик қўзғатувчиси топилган бўлиб, ушбу вирусга “СOVID-2019” номи берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январь куни “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг ташкил этиш тўғрисида”ги Фармойиши қабул қилиниб, тизимли чоралар амалга оширилмоқда.
Узок муддат ўтмасдан Ўзбекистон Республикаси Бош Давлат санитария врачининг 2020 йил 17 март куни “COVID-19 коронавирус инфекциясининг республика ҳудудида тарқалишини олдини олиш, касалликни тўғри ташхислаш ва даволаш жараёнида профилактик чеклов тадбирларини жорий этиш тўғрисида” 5 сонли Қарори қабул қилиниб, мазкур касалликни республикада тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида йўналтирилган чора-тадбирлар йўлга қўйилмоқда. Юртимиздаги коронавирусни аниқлаш бўйича замонавий тест-системалари, шунингдек, тиббиёт ходимлари учун шахсий ҳимоя воситалари, тиббий  техника ва тиббий буюмлар захираси яратилмокда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари ахолини коронавирус билан боғлик эпидемик вазиятдан хавотирга тушмасдан, огоҳ бўлишларини, жумладан шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозимлигини таъкидлаб,  ўтишди.

Бугунги кунда бу хавф-хатарнинг инсонларга  руҳий томондан бераётган салбий  ўзгаришлар таъсирида  “Махсус Фобия” атамасига ёки умумий қилиб айтганда “Коронавирусофобия” деб номлаш тўғри ва ўринли  хисобланадими?

Фобия нима ўзи?

Бу саволларга, “коронавирусофобия” асосида олиб борилган кундалик мулоқот ва кузатишларим юзасидан жавоб берадиган бўлсам, аввало  фобия нима ва бу хақда тушунчага эга бўлиш зарур. “Фобия” – грекча сўздан олинган бўлиб “қўрқув, ваҳима” деган маънони англатади.  Бироқ, фобияларга шунчаки қўрқув сифатида қараш керак эмас. У инсон руҳиятига боғлиқлиги, қўрқувдан  фарқли равишда  доимий такрорланиши билан ажралиб туради. Биз аввало қўрқув ва ваҳима орасидаги фарқни ажрата олишимиз лозим. Маълум бир нарса ёки ходиса вақтида вужудга келувчи ҳиссиёт бу – қўрқувдир. Ваҳима эса - кутилаётган бир муаммога таллуқли ташвиш ҳиссининг бўлишидир. Мисол учун, ўрмонда катта айиқга дуч келишингиз бу қўрқув, университет талабасининг таълимини тамомлаб ишсиз қолиб кетишини ташвиш қилиш эса ваҳимага тушишдир.

Юқорида таъкидлангандек, фобиянинг клиник таъснифига кўра унинг инсон руҳиятидаги узоқ муддат давомийлиги, ҳамда фобияни кўзғатувчи  сигнални (аниқ нарса, ҳодиса ) инсондаги умумий симптомлардан бири ёки бир нечтасини вужудга келтиради, деб қарашимиз мумкин.

Фобия аломатлари қандай?

  • кучли - тез юрак ва пульснинг уриши;
  • нафас олишда қийналиш, бўғилиш;
  • оғиз қуриши;
  • кучли терлаш, титраш;
  • қорин соҳасида ноқулайлик-оғриқ пайдо бўлиши;
  • бош айлиниши, қон босимининг кўтарилиши ва б.ш.

Фобиянинг турлари ҳам хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Шунинг учун бу ном “махсус фобия" деб аталади. Махсус фобия учун  DSM-5 мезонлари мавжуд (Психиатрик бузилишларнинг ташхис ва статистик қўлланмаси-2013).

  • Маълум бир нарса ёки вазиятдан ҳар доим тетикланиш;
  • Нарса ёки вазиятдан қочиш ёки кучли ваҳимага тушиб қолиш;
  • Симптомлар энг кам 6 ой давомийлигида кўриниши.

 

Тадқиқот

Ҳозирги кунда бу вируснинг юқишидан кучли хавотирда бўлаётган шахсларда ўтказилган мулоқот ва кузатув натижасида Тошкент шаҳрида яшовчи аҳоли қатламидан коронавирусга чалиниш қўрқуви ва бунинг олдини олиш учун амалда кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида иштирокчиларда қуйидаги ваҳимага солувчи фикрлар ва  махсус фобия турларидан бири ёки бир нечтаси (деярли хар иштирокчида енгил-ўрта даража эпизодларида) кузатилди:

  • Патофобия –  касал бўлишдан қўрқиш
  • Максафобия – транспортда юришдан  қўрқиш, бош тортиш
  • Охлофобия – оломон ва одам гавжум жойлардан  қўрқиш

Клиник мулоқот жараёнида яна бир нечта иштирокчилардан аникланишича, кучли  қўрқиш ва ваҳима жараёнларида психосоматик  симптомларнинг ҳам авж олаётганлиги кузатилган.

Иштирокчилардан коронавирусга чалиниш қўрқуви ва бунинг олдини олиш учун амалда қўлланилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги берилган саволга деярли барча иштирокчилар:

  • Интернетдан бу касалликга чалинмаслик учун турли-хил маълумотларни ўқиши;
  • Қўлларни тез-тез совунлаб ювиш ва антибактериал воситалардан фойдаланиши;
  • Баданни тоза сақлаш, юқори нафас йўлларини тез-тез тозалаб туриш ва совунли сувда ювиши;
  • Аҳоли гавжум бўлган жойларда юришдан мумкин қадар бош тортиш ва жамоат транспортларидан кам фойдаланиш деб таъкидланган.

Демак, хулоса қилиб айтадиган бўлсам, кўриниб турибдики ушбу таъкидлаётган махсус фобия тури ҳозирги кунга келиб инсонларда бор бўлган фобияни эмас балки, ўрганилаётган янги фобияни, яъни махсус фобия-коронавирусофобия турини келтириб чиқармоқда. Энг муҳими ушбу короновирусофобия  тушунчаси  ўринли бўлиши учун, шахсда қуйидаги клиник мезонлар  кузатилмоқда:

  • Нафас олиш тизимида ҳеч қандай касаллик симптомлари (аломатлари) кузатилмаган шахс ёки шахслардан қўрқиш;
  • узоқ масофада бўлиш;
  • оилада ҳам  ниқоб тақиш;
  • одамлар билан бутунлай ижтимоий алоқани узиш;

Ушбу 3 аломат узоқ муддат ва кучли ваҳима ҳиссиётини туғдирса короновирусофобия бошланган деб тахмин қилишимиз мумкин.

Умумий қилиб айтганда ушбу фобияларнинг ортиб бориши билан биргаликда шахсларда обцессив-компульсив синдромлар, хавотирли – фобик синдром ташхислари билан тиббий (клиник) психологлар ва психотерапевтлар томонидан ўзига хос проектив-объектив методлар ва нейропсихологик текширувлар ўтказиш орқали ташхис қўйиш ва тиббий-психологик даво чораларини кўришни ва  ўз вақтида амалга оширишни тақозо қилади.

Сардор ДУРСУНОВ, клиник психолог   

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+23° ясно
Валюта курси
10139.30
USD 9.74
11051.84
EUR 96.72
141.35
RUB 3.81