Ўзбекистонда короновирус касаллиги аниқланган беморлар сони 100 нафардан ортди, ўлим ҳолати ҳам қайд этилди шу сабаб мамлакатда фавқулодда вазият эълон қилинадими?
“Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўз ваколати доирасидаги барча ишларни бажариб келмоқда. Фавқулодда вазият эълон қилиш билан боғлиқ масалалар биз томонимиздан қабул қилинмайди”, деди вазирлик матбуот котиби. Шунингдек, у короновирусни тарқалиш хавфини олдини олиш бўйича етарлича чоралар кўрилаётганини айтмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби мазкур саволга жавоб бериш уларнинг ваколати доирасида эмаслигини ҳам маълум қилди.
20 март куни мазкур вазирлик матбуот котиби билан боғланганимизда у фавқулодда вазият борасидаги саволни матбуотда кўтариш аҳоли орасида ортиқча ваҳима келтириб чиқаришини таъкидлаган эди.
Бироқ, короновируснинг жаҳон бўйлаб тарқалиши ва бир неча давлатлар, ҳусусан, қўшни мамлакатларда ҳам фавқулодда вазият эълон қилиниши одамларда бу вазиятга кўникиш, маъсулият хис қилган бўлиши табиий. Хаттоки, оммавий ахборот воситаларида ҳам фавқулодда вазият эълон қилинишига оид мақолалар пайдо бўлмоқда.
Бугун, Кун.уз нашри, шунингдек, депутат Расул Кушербаев ҳам фавқулодда вазият эълон қилиниши керак, деган чақириқ билан чиққан.
Хусусан:
"Вилоятларни билмадиму бироқ Тошкент шаҳрининг ўзида ҳам одамлар карантин бўйича чекловларни жиддий сигнал сифатида қабул қилмаяпти, тиббий тавсияларга юзаки ёндошмоқда. Ниқоб тақиш, антисептик воситаларни ишлатиш, уч нафардан кўп бўлиб тўпланмаслик каби талаблар кўпчилик учун ҳавода қолаяпти. Тошкент кўчаларида ҳалиям автомобиллар қайнаб ётибди.
Бу аҳволда касалликни енгиб бўлмайди.
Фавқулодда ҳолат жорий этиш ва оғир бўлса ҳам ҳаммасини четга суриб, кескин чоралар кўришдан бошқа йўл кўринмаяпти" , — дея ўз муносабатини билдирган Расул Кушербаев.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котибининг бу борадаги фикрлари эса қуйидагича:
“Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича республика махсус комиссияси тузилган. Махсус комиссия касалликни олдини олиш бўйича барча чора тадбирларни бажармоқда. Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида Республикада фавқулодда вазият эълон қилишга зарурат борлиги айтилмади”, деди матбуот котиби.
Қонунга кўра фавқулодда вазият мамлакатнинг бутун ҳудуди ёки алоҳида жойларда Президент қарори билан жорий этилади. Президент қарори уч кун ичида Олий Мажлисга тасдиқлаш учун тақдим этилиб, ОАВда эълон қилиниши шарт. Парламент томонидан тасдиқланмаган қарор уч кун давомида ўз кучини йўқотади ва аҳоли ҳам огоҳлантирилади.
Фавқулодда вазият муайян шароитда Ўзбекистоннинг конституцион тузуми, ҳудудий яхлитлиги, жамоат хавфсизлиги, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинлиги, қонуний манфаатлари ва хавфсизлиги ҳимоясини таъминлаш мақсадларида жорий этилиши мумкин. Шу вақтгача Ўзбекистонда фавқулодда вазият эълон қилинмаган.