АсосийJamiyat

Ўзбекистонда коронавирус билан касалланган беморлар сони 133га етди. Хушхабар ҳам бор

'Ўзбекистонда коронавирус билан касалланган беморлар сони 133га етди. Хушхабар ҳам бор'ning rasmi

Айни дақиқаларда Ўзбекистонда коронавирус касаллиги билан касалланган беморлар сони 29 тага ошиб, 133га етди.

Таъкидланишича, бугун коронавирус касаллиги билан касалланган беморларнинг етти нафари бутунлаб соғайди. 

Улар Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва бошқа масъуллар томонидан Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация тиббиёт марказига кузатиб қўйилди. Касалликдан халос бўлган фуқароларимиз маълум муддат шу ерда карантинда бўлишади. 

Хасталикдан фориғ бўлган беморларимизнинг ҳам қувончи чексиз. Улар Президентимизга, фидойи шифокорларимиз, шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши курашда ёрдам бераётган барча инсонларга чуқур миннатдорлик билдиришмоқда, дуо қилишмоқда. Ушбу қувонч кўз ёшлари айни пайтда инфекция тарқалиб кетишининг олдини олишда кеча-ю кундуз тинмай меҳнат қилаётган барча инсонлар фаолиятига муносиб баҳо, муносиб эҳтиромдир. 

Энг муҳими, сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳаси ривожига бевосита Президентимиз ташаббуси билан алоҳида эътибор қаратилгани коронавирус балосига қарши самарали курашиш учун замин яратди. Эндиликда эса юртимизнинг барча ҳудудларида махсус шифохоналарнинг жадаллик билан қурилаётгани, зарур тиббий ускуналар, жумладан, 300 мингта экспресс-тест ҳамда 500 та сунъий нафас олдириш аппаратларини харид қилиш чораларининг кўрилаётгани шифокорларимиз фаолияти самарадорлигини янада ошириши шубҳасиз. Бу эса айни пайтда коронавирус инфекцияси билан хасталанган беморларимизнинг соғайиб кетишларида муҳим аҳамиятга эга.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича Президентимиз раҳбарлигида барча ресурслар ишга солиниб, зарур ва қатъий чоралар амалга оширилаётган бир пайтда фуқароларимиз ҳам ушбу жараёнга масъулият билан қарашларини, хасталик аломатлари сезилганда, яширмасдан зудлик билан шифокорларга мурожаат қилишларини сўраб қоламиз. Бу билан нафақат коронавирус инфекциясининг даҳшатли оқибатларидан ўз соғлингизни ҳимоя қиласиз, балки оилангиз, яқинларингиз ва бутун жамият учун ҳам яхшилик қилган бўласиз, дейилади вазирлик ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, 27 март куни коронавирус билан касалланган наманганлик 72 ёшли аёл вафот этди. 28 март куни эса  1 нафар бемор (эркак)да ўлим ҳолати қайд этилди.

 

    Бошқа янгиликлар