Олтинкўл тумани ИИБ ва вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро А.Ш «Карантин COVID-19» махсус рухсатномасини қалбакилаштириш билан шуғулланаётганлиги аниқланди. Ушбу фуқаро муқаддам соҳта ҳужжатларни тайёрлаганлиги учун судланган. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Фуқаро А.Ш яқин қариндоши А.З билан бир гуруҳ бўлиб, Андижон шаҳри, Чинобод кўчасида жойлашган яшаш хонадонида «Карантин COVID-19» махсус руҳсатномасини рангли принтер ёрдамида тайёрлаб, 100.000 сўм пул эвазига пуллаб келган.
Шунингдек, тезкор тадбир давомида А.Ш.нинг уйидан соҳта 7 дона «Карантин COVID-19» махсус рухсатномаси, эски турдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ва огоҳлантириш талонлари, нотариус томонидан берилган ишончномалар тайёрлаганлиги маълум бўлган ва баённома орқали ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Олтинкўл тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан А.Ш ва А.З.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисмининг «б» банди, 228-моддаси 2-қисмининг «б» банди ва 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида вақтинча ушланган ва «Қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиши бўйича чора тадбирлар белгиланган. Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






