Айни дақиқаларда АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов иштирокида брифинг ўтказилмоқда.
Бугунги кунга келиб карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами – 17 668 та ҳолат аниқланган, бир сутка давомида 2 700та.
Ундан ташқари 4 нафар қоидабузарга нисбатан Жиноят иши қўзғатилган.
Маъмурий жавобгарликка тортилганлардан 17 109 таси тиббий ниқоб тақмасдан юрган фуқароларни ташкил қилган.
149 та ҳолатда вақтинча тўхтатилган савдо ва кўнгилочар масканларни ишини давом эттирган.
314 ҳолатда карантинга олинган фуқаролар карантин ҳудудини ташлаб кетганлар.
Карантин ҳудуди бу шифохона ва Сизнинг уйингиз ҳисобланади. 23 та ҳолатда фуқароларимиз тўй маросимларини ёки бошқа таъқиқланган йиғинларни ўтказганликлари учун жавобгарликка тортилганлар.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан жорий йилнинг 29-31 март кунлари Тошкент шаҳри ҳудудида ўтказилган тадбирлар давомида жами 1 912 та ҳолатда ҳайдовчилар томонидан турли кўринишдаги қоидабузарликлар содир этилганлиги аниқланган.
Улардан 766 таси, айнан карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ бўлиб, қоидабузарларга тегишли 545 та автотранспорт воситалари белгиланган тартибда жарима майдончаларига жойлаштирилган.
Карантин қоидасини бузган ҳайдовчиларнинг транспорт воситалари жарима майдонига жойлаштирилганидан сўнг, карантин чекловлари тугамагунча, қайтариб берилмайди.