"Америка Овози"нинг маълумотига кўра, Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида бу ҳафта икки ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этди. Улар 50-60 ёш орасидаги эркак ва аёл бўлган. Улар АҚШда ўз оилалари билан доимий яшаб, ишлаб келган.
Маълумотга кўра, 3-апрел куни Бруклиндаги касалхоналардан бирида жони узилган ўзбекистонлик аёлнинг ёши 60 дан ошган бу аёл 9 йилдан буён АҚШда доимий яшаб келган. Марҳума анча йиллар давомида қанд касаллигидан азият чекиб келган. Икки ҳафта олдин тоби қочиб касалхонага тушган, уйда изоляция шароитида даволаниш тавсияси билан жавоб берилган, аммо бир ҳафта ўтиб оғирлашган ва яна касалхонага олиб кетилган.
2-апрель куни яна бир ўзбекистонлик, 51 яшар эркак ҳам ерга қўйилган. 6-7 йилдан буён АҚШда ўз оиласи билан доимий яшаб келган бу ватандош ҳам қанд касаллигидан қийналган. Устачилик билан машғул экан, март ойининг ўрталарида ўпкаси қаттиқ шамоллаб, касалхонага тушган. Пневмония унинг ҳолатини янада оғирлаштирган.
Воқеадан хабардор ватандошларга кўра, майит пандемия шароитида жорий қилинган қоидаларга риоя қилинган ҳолда кўмиш учун яқинларига қайтарилган. Жасадни олишда бу оилага ҳам маҳаллий масжидлардан бири ва оиланинг дўстлари ёрдамлашган. Марҳум Нью-Жерси штатидаги қабристонда дафн этилган, аммо қоидага амал қилган ҳолда жанозада иштирок этганлар сони 10 кишидан ошмаган. Тобут очилмаган.
Манбанинг ёзишича, Нью-Йорк шаҳрида ўн минглаб ўзбекистонликлар яшайди. Ҳудудда кенг тарқалган коронавирусдан азият чекаётганлар орасида улар ҳам анчагина.
Беморлар орасида ҳомиладор аёллар бор, қолаверса ёшлар ва кексалар. Касалхоналарда жой етишмагани боис ва аҳволига қараб, шифокорлар муайян талаблар билан баъзиларни уйига жўнатган. Оғирлашса, касалхоналарга қайтарилган ҳоллар бор.
Нью-Йорк шаҳрида коронавирус билан хасталанган ўзбекистонлик беморлар сони 10 нафардан ошган. Уларнинг энг ёши 29-30 да.