АсосийJamiyat

Пропискага оид янги лойиҳа муҳокама учун эълон қилинди. Бу сафар халқ учун кўп яхши янгиликлар бор

'Пропискага оид янги лойиҳа муҳокама учун эълон қилинди. Бу сафар халқ учун кўп яхши янгиликлар бор'ning rasmi

Маълумки, Президент томонидан прописка тизимини соддалаштириш бўйича Фармон имзолаган эди. 

Ушбу фармон тизимни соддалаштиришга қаратилган бўлсада, прописка бўйича деярли ҳеч қандай енгилликлар берилмайдиган қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган ва танқидларга учрагани учун қабул қилинмаган эди. 

Бугун пропискага оид янги лойиҳа эълон қилинди.   

Ҳуқуқшунос  Хушнудбек Худойбердиев бу лойиҳада олдингисига қараганда халқ учун яхши таклифлар берилаётганлигини айтмоқда. 

Хўш, лойиҳа кучга кирса нималар ўзгариши мумкин?

  •  «прописка» тушунчаси бекор бўлиб, ўрнига «рўйхатдан ўтказиш» тушунчаси киритилмоқда;

 

  • Тошкентдан уй сотиб олаётганда пропискасиз шахсларга давлат божининг ўта қиммат ставкасини тўлаш ҳақидаги талаблар бекор қилинмоқда;

 

  •  биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларни нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи назарда тутилмоқда;

 

  •  эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар чиқариб ташланмоқда;

 

  •  илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади;

 

  •  оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлади;

 

Энг муҳими вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 1 йилдан 5 йилгача узайтирилмоқда.

 

  •  фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилмоқда;

 

  •  доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари (1), давлат хизматлари марказлари (2) ёки Ягона портал (3) орқали амалга оширилади ҳамда унинг муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилади.

 

  •  доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечиш ва буни рақамлаштириш кўзда тутилмоқда;

 

  •  доимий рўйхатга олишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби ҳамда ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга туришдан олдин ва кейин ҳарбий ҳисоб учун мудофаа бўлимларига бориш тартиби бекор қилинмоқда.

 

Муҳокама жорий йил 11 апрелга қадар давом этади. 

 

Ушбу таклифлар лойиҳа, расман кучга эга эмас. Қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилингандан кейингина юридик кучга эга бўлади.

    Бошқа янгиликлар