Бугун АОКА штабида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси Бош давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Гулруҳ Ниёзметова иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Брифингда фуқаролар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан вазирлик фаолиятига оид кўтарилган савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.
Кеча раҳбаримиз телефон қилиб: "Сиз охирги иш ҳафтасида уйда ўтириб ишламоқдасиз, шу сабаб сизга мазкур иш ҳафтаси учун тўланиши лозим бўлган иш ҳақининг ярми тўланади", — деди. Айтингчи, мен уйда ўтириб ишласам, ойлигимнинг ярми тўланадими?
Уйда ишлашга ўтказилган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагича амалга оширилади:
* меҳнатга ҳақ тўлашдаги соатбай асосида — ходимнинг уйда ишлашга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим оклади)дан келиб чиққан ҳолда;
* меҳнатга ҳақ тўлашдаги ишбай асосида.
Демак, ушбу ҳолатда Сизга ойлик иш ҳақлари иш берувчи ва сиз ўртангизда тузилган меҳнат шартномасида назарда тутилган тартибда тўлиқ тўлаб берилади!
Асос — Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йил 25 мартдаги 9-2020/Б сонли Буйруғи билан (Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 28 мартда 3228-рақами билан рўйхатдан ўтказилган) карантин даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказиш вақтинчалик тартиби тўғрисида тасдиқланган Низомнинг 22-банди.