my5

"Худо хоҳласа, тартиб-интизомга риоя қилсак, бир-биримизга меҳримиз янада зиёда бўлса, бу синовдан ёруғ юз билан ўтиб оламиз"

СИЁСАТ 08.04.2020, 19:36
Теглар: Президент, йиғилиш
856
"Худо хоҳласа, тартиб-интизомга риоя қилсак, бир-биримизга меҳримиз янада зиёда бўлса, бу синовдан ёруғ юз билан ўтиб оламиз"

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда таъкидлаганидек, пандемия шароитида сўнгги бир ой ичида хорижий давлатлардан 20 та чартер рейс орқали 6 минг, темир йўл ва чегара постлари орқали 10 минг нафар фуқаромиз олиб келинди. Уларнинг барчаси 160  та манзилга жойлаштирилиб, карантинга олинди.

Тажрибали шифокор профессорлардан иборат махсус штаб тузилиб, ҳар бир беморни даволашда 24 соатлик онлайн маслаҳат бериш йўлга қўйилди. Хитой ва Жанубий Кореядан вирусологлар таклиф қилинди. Россия, Германия, Япония, Туркия каби давлатлар мутахассислари билан ҳам доимий телемедицина алоқалари ўрнатилган.

– Энг муҳими – халқимиз юзага келган вазиятни тўғри баҳолаб, ўз хизмат вазифаларини масофадан туриб бажармоқда, шифокорлар тавсияси ва карантин тартиб-қоидаларига қатъий амал қилиб, ўзларининг маданияти, онги ва интизоми билан барчага ўрнак бўлмоқда. Ўқувчи ва талаба ёшларимиз онлайн дарс ва машғулотлар орқали таълим олишда давом этмоқда, – деди давлатимиз раҳбари.

«Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда ҳаёт барқарор суръатда давом этмоқда. Энг асосийси, минг-минглаб юртдошларимиз, айниқса шифокорларнинг фидойи хизмати, ўз бурчига садоқати туфайли кўраётган тезкор чораларимиз ўзининг ижобий натижасини бермоқда», – деди Президентимиз 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида.

Лекин, мисли кўрилмаган даражада тарғибот ишларига қарамай уйида даволанган ва оғир ҳолатда ётқизилган 40 яшар бемор кеча оламдан ўтди.

Марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирар экан, давлатимиз раҳбари яна бир бор барчани огоҳликка чақирди. “Касаллик аломатини сездингизми, дарҳол шифокорларга мурожаат қилинг. Такрор айтаман, касалликни оиламизга кириб келмаслиги, ўзимиз ва яқинларимизни ушбу иллатдан сақлаб қолиш, энг аввало, ўзимизга боғлиқ!”

Афсуски, карантин ва санитария-гигиена талабларига бефарқ қараётган шахслар ҳам йўқ эмас.

Масалан, ўтган даврда карантин қоидаларининг 47 мингга яқин бузилиш ҳолатлари, шу жумладан, 34 минг марта ниқоб тақмаслик, 11 минг марта автотранспортда карантинга риоя қилмаслик ҳолатлари аниқланиб, жарималар қўлланган. Ҳаттоки, 24 та ҳолатда юзлаб одамларни тўплаб, зиёфат ва маросимлар ўтказилгани аниқланган.

– Бутун дунёнинг бошига тушган бу мураккаб синовдан биз, Худо хоҳласа, янада кучли бўлиб, бир-биримизга меҳримиз янада зиёда бўлиб, албатта ёруғ юз билан ўтиб оламиз. Фақат тартиб-интизомга қатъий риоя қилиб, ўринсиз ваҳимага тушмасак, тушкунликка берилмасак, марра бизники бўлади.

Бу вақтинчалик қийинчилик ва муаммолар, албатта, ўтиб кетади. Пок ниятли, дину диёнатли, сабр-бардошли, олижаноб халқимиз билан ҳали кўп яхши кунларни кўрамиз, кўп тўй-томоша ва тантаналарни биргаликда нишонлаймиз, олдимизга қўйган мақсадларимизга албатта етамиз,” – деди Шавкат Мирзиёев.

Шарҳлар

Президент туризм ва спортни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди

28.01.2020, 17:51

Президент Шавкат Мирзиёев туризмни ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.  Бу ҳақда президент.уз хабар берди.Сайёҳликнинг анъанавий турлари қамровини кенгайтириш билан бирга...
Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+22° ясно
Валюта курси
10139.30
USD 9.74
11051.84
EUR 96.72
141.35
RUB 3.81