Қозоғистонда шу кеча-кундузда кучли шамол ва бўрон давом этмоқда. Ноқулай об-ҳаво инжиқликларидан бир неча уйлар ва муассасалар зарар кўрди. Кучли шамол ҳатто кўп қаватли уйнинг томини учириб кетди. Бу ҳақда ria.ru хабар берди.
Хабарда айтилишича мамлакатда кузатилган кучли шамол оқибатида 160 та бинога шикаст етган ва 1 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Шамолнинг тезлиги 20-30 метр\сония бўлгани, тунги соатларда ҳаво ҳарорати 8 даражагача тушиб кетгани айтилмоқда.
Акмала, Костанай, Шимолий Қозоғистон вилоятларининг 22 туманида кучли шамол натижасида аҳоли турар-жойлари зарар кўрган.
Республика ИИВ Фавқулодда вазиятлар қўмитаси вакилининг ахборотига кўра Акмола вилояти маъмурий маркази ҳисобланган Кокшетау шаҳрида беш қаватли бинонинг томи учиб кетган. Жароҳатланганлар ва қурбонлар йўқ.
Мутахассисларнинг маълум қилишича шамолнинг тезлиги 28 метр/сонияга тенг бўлган.
"Табиий офат туфайли 700 квадрат метр жойнинг томи қўпорилиб кетди. Хайриятки, ҳеч ким жабр кўрмади. Маҳаллий ижро органлари ва вилоят ФВ департаменти саъй-ҳаракатлари билан бинони таъмирлаш ишлари бошланди", - дейилади хабарда.
Масъул ходимлар об-ҳавонинг ўзгаришини кузатиб бориш, хусусан кучли шамол эсишига тайёр туриш зарурлигини таъкидлашган.
Қозоғистонда содир бўлган каби кучли шамол бизнинг ҳудудларга ҳам етиб келиши эҳтимоли мавжуд. Шу муносабат билан ФВВ мурожаати эълон қилинди.