my5

Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланади: Юрак дарди

МУТОЛАА 09.04.2020, 09:43
4237
Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланади: Юрак дарди

Ўзбек адабиётининг шонли, муаззам, ибратли тарихи бор. Турган гап, маҳоратли сўз санъати заргарлари билан бир қаторда, истеъдодли олимлар ушбу тарих саҳифаларини безаб туради. Академик Матёқуб Қўшжоновшундай мўътабар адабий шахслардан бири эди. Айтиш керак, у зотнинг ҳаёт йўлида ҳам, ижод йўлида ҳам ўзига хос ибрат ва сабоқлар жуда кўп. Адабиётшунослик билан бирга ижодкор ўз ҳаёт йўлида дуч келган тақдир чангалзорлари ҳақидаги асарлар ҳам битганки, илк бор матбуотда эълон қилинаётган “Юрак дарди” асари ҳам синчи олим, етук адибнинг серқирра иқтидори юксак бир мақомда эканлигини яна бир бор исботлайди. Тарихда энг қонли II Жаҳон уруши жанггоҳларида жон олиб, жон берганлар сафида бўлган жангчи-мерганнинг хотиралари акс этган мазкур асарни таҳририятимизга тақдим этиб, нашрга тайёрлашда яқиндан ёрдам берган филология фанлари номзоди, устоз Матёқуб Қўшжоновнинг жияни Азимбой Бобониёзовга миннатдорлик билдирамиз. 

МУАЛЛИФДАН

Тарихда инсоният бошига тушган кулфатларнинг ҳисоби йўқ. Бироқ йигирманчи асрда юз берган Иккинчи жаҳон уруши аламу кулфатларнинг энг даҳшатлиси бўлди. Минглаб қишлоқ ва шаҳарлар ер билан яксон қилинди. Инсоният миллионлаб қурбон берди. Тақдир тақозоси билан мен ҳам ана шу уруш қатнашчиси бўлдим. Ақл бовар қилмайдиган кўргиликларга дуч келдим, мудҳиш жиноятларга гувоҳ бўлдим, ёвуз дунё билан юзлашдим. Ўша қоп-қора кунлар доимо қалбимга оғриқ бериб, хаёлимдан бирма-бир ўтаверади...

Устига кигизсифат шинел, оёғига оғир кирза ботинка кийиб олиб, қўлида жанговор милтиқ кўтарган, бир олам орзу умидлари эзгуликдангина иборат бўлган навқирон хоразмлик йигит жангга кирмоқда. Уруш унинг ёш тасаввурида эски китобу халқ достонларидаги яккама якка беллашувлар, нари борса қиличбозликлардан иборат эди. Энди эса пулемётларнинг тинимсиз тариллашидан унинг қулоғи батанга келади, ҳар қадамда мина ва снарядлар портлашидан ларзага тушади. Эртаклардаги аждаҳоларни эслатадиган танклар даҳшатини, гулдуросидан еру кўкка титроқ солганча турнақатор учиб, ажал уруғини сочиб ўтадиган юнкерс ва миссершмидтлар ваҳшатини ҳар дақиқа ҳис этади.

Кенг далаларда мол боқиб, экинзорларда кетмон чопиб, салгина вақт топилди дегунча, боболардан қолган китоблар ичига сингиб, ўзини хайрли ишларга чоғлаган ёш йигит учун буларнинг бари қиёматнинг нақ ўзгинаси эди. Ҳаёт билан ўлим олишарди бу дунё майдонида. 

Авлодларга сабоқ бўлсин учун ушбу китобда айни йигитлик чоғимнинг тўрт йилини шу оловли уруш офати ичра ўтказиб, юрагимнинг оғриқли дарди бўлган кўрган кечирганларимни хатга солдим. 

 

БИРИНЧИ ҚИСМ

ИЛК САБОҚЛАР... ХАЙРЛАШУВ

“Илоҳим, ой бориб, омон қайтгайсан!..”

Онажоним дуоси

1942 йил. Жазирама июль ойининг бошлари.

Юк машиналари Тошҳовуздан чиқиб, шарқ томон йўл олди. У вақтлари Хоразм воҳасининг йўллари на асфальт, на бетон кўрган эди. Йўл ёқалаб оқадиган ариқчалардан аҳён аҳёнда сепиб туриладиган сувгина йўлларнинг чанг тўзонини қисқа муддатга босгандек бўларди. Лекин иссиқ кунлари намлик тез кўтарилиши сабаб йўлнинг кўпирган тупроғи салгина ташқи таъсирдан бурқсийдиган тутун сингари осмону фалакка ўрлашини кутиб ётади.

Машиналар устидаги тахта ўриндиқларда биз – фронтга сафарбар қилинганлар қатор-қатор жойлашиб олганмиз. Машиналар карвони ғилдираклар ортидан қуюқ чанг тўзон кўтариб, шиддат билан илгарилаб боряпти. Бир-бирининг чангида қолиб кетмаслик учун ҳайдовчилар оралиқ масофани узоқроқ тутишга ҳаракат қиладилар. Сафарбар қилинганларнинг барчаси зиёли аҳлидан – ўқитувчилар, агрономлар, турли даражадаги идора хизматчилари. Ҳеч кимдан сас-садо чиқмайди. Ҳар ким ўз хаёли билан банд. Кимдир ортида қолган бола чақасини ўйлайди. Яна кимдир ҳозиргина ортидан кузатиб қолган ота онаси, қариндош уруғларининг зорланиб айтган сўзларини мушоҳада қилади. Хуллас, кузатув манзараси уларнинг кўз олдидан кетмайди...

Тошҳовуз шаҳрининг шарқий қисмидаги ёлғиз ғиштин иморат. Ҳозирги пайтда шаҳарнинг марказий мавзеларидан бирига айланган бу ер 40 йиллар бошида вилоят ҳарбий комиссарлигининг хизматга жўнатиш жойи эди. Биз – юз нафарга яқин сафарбар қилинганлар бинонинг катта залига йиғилганмиз. Кўпчилигимиз бир биримизни таниймиз. Бу маърака орасида менинг ҳам узоқ йиллик қадрдон дўстларим бор. Улардан бири – ажралмас дўстим Напас Раҳимов. Жўнаб кетаётганларни кузатишга келганларнинг эса сон саноғи йўқ: ака укалар, опа сингиллар, ёр дўстлар. Менинг онам ҳам улар сирасида. Бир неча кун шу ерда яқинларимиз қуршовида қолиб кетдик. Бечора онажоним, бир томони, шаҳардан анча узоқда жойлашган уйимиз ташвишларидан кўнгил узолмай, бу ёқда яна мени кўзи қиймай, кечқурунлари укаларим ва жиянларимни ёнимда қолдириб, уйга кетиб, эртасига саҳарлаб етиб келарди.

Ўша кунлардаги кўпгина воқеа ҳодисалар ҳеч ёдимдан чиқмайди: қариндош уруғларнинг панд насиҳатлари, дўстларнинг унутмаслик ҳақидаги ўзаро аҳд паймонлари, хайрлашув пайтидаги йиғи сиғилар, кетаётганлар кўнглини нима биландир кўтариш учун бозорга ва дўконга қатнашлар... Бировлар яқиндагина тўй қилишган. Ёш келинчак куёв атофида парвона. Бир бирларининг меҳр муҳаббатларига тўйиб улгуришмаган. Кузатаётганлар ичида эндигина фотиҳа қилинган қизлар ҳам бор. Улар хабарчилар ёхуд узоқроқдан билдирилган имо ишоралар орқали йигитларини ҳилватроқ жойга чақиришиб, пинҳона суҳбатлашадилар, дийдорларига тўймай, бир бирларига узоқ тикилишадилар.

Анча кун давом этган кузатиш маросимида онам мени ҳам еру кўкка ишонмасди. Кўрган кўзга ноқулайлигини билганидан этагимдан ушлаб ўтирмасди, холос. Қай йўл билан бўлса ҳам бироз шодлик бағишлаш ниятида тез тез шаҳар бозорига қатнаб, янги чиққан меваданми, ширинликларданми олиб келиш билан мени гоҳ уни, гоҳ буни ейишга ундаб, ўзини қўярга жой тополмасди.

Ғўр ёшлигимиздан бўлса керак, олдинда бизни нималар кутаётганига ақлимиз кўпам етавермасди. Бундай пайтларда келажакни олдиндан туядиган бениҳоя зийрак она қалби бизни даҳшатли воқеалар, жангу жадаллар, азоб укубатлар пойлаётганини сезиб турган бўлса ажабмас! Шу сабабдан бизга бағишланган бир дақиқалик хурсандчиликдан оналар боши осмонда эди. Буни исботлайдиган бир воқеа ҳамон эсимда.

Бир пайт онам жўрам Напас билан иккимизга қараб:

- Ҳали кетиб қолмассизлар, мен бир зумда қишлоққа бориб келаман,   деб жўнаб қолди.

Мен бунга кўп ҳам эътибор бермадим. Унчалик узоқ фурсат ўтмасдан, онам ҳаллослаб қайтиб келиб, бир этакча думбул ўрикни олдимизга қўйди.

- Олинглар, еб кўринглар. Бу ўзинг эккан ўрикдан, ҳув ўша учмуюш отиз ёқдаги. Энди ҳосилга кирди,   дерди онам ҳансираганча нафасини ростлашга уриниб.

Ёшлик бебошлик сабаблими, ўша пайтда онамнинг бундай меҳрибонлигини унчалик қадрламаган эканман. Кейин ўйлаб қарасам, онам ўзи эккан ўрикнинг илк ҳосилидан татиб кетсин, деб терлаб-пишиб, қишоғимизгача ва орқага саккиз чақиримдан -ўн олти чақирим йўл босиб, менга думбул ўрик келтирибди. Энди тасаввур қиламан, ёзнинг жазирама иссиғи, у вақтларда қишлоғимиз билан шаҳар орасида на асфальт йўл бор, на бирор транспорт воситаси. Эҳтимол, масофани тезроқ босиб ўтиш учун калишини қўлига олиб, тупроқ йўлда не хаёлларда югургилаб йўл босгандир. Фақат оналаргина шундай заҳмат чекишга қодир!

Биз эса жўнашни кутмоқдамиз. Онам ҳамон ёнимда. Менга нималар кераги, шу тобда кўнглим нималар тусаётгани ҳақида тинимсиз саволлар бериб, кап катта йигит эканимга қарамасдан, ёш боладек билиб, атрофимда гирдикапалак бўларди. “Ўртоқларингдан ажралиб, ёлғиз ўзинг юрма”, “Устинг юпун бўлмасин”, “Оёғингни иссиқ тут”, “Хат ёзиб туришни унутма” қабилидаги насиҳатларни қайт қайта уқтирарди.

Бир маҳал менга билдирмасдан чўнтагимга нимадир солиб қўйди. Бироздан кейин секин туйдирмасдан текшириб кўрсам, латтага тугилган бир чимдим туз экан. Дарров тушундим. “Ёмон кўздан асрасин, яна туз насибаси тезроқ бизга қўшилсин, яъни эсон-омон қайтиб келсин” деган ниятда доим шундай қиларди. Мен “яхши ёмон кўз”ларга ишонмаганимдан “Урушда ёмон кўз йўқ, ёмон душман бор”, демоқчи бўлдим у, бироқ онамни ранжитгим келмади. Туз анчагача у кишидан эсдалик бўлиб ёнимда юрди.

Йиғилганимизнинг учинчи ё тўртинчи куни бўлса керак, ниҳоят, “Машиналарга!” деган буйруқ янгради. Бир зумда ҳаммаёқ тўс тўполон бўлиб кетди, барқириқ чақириқ, йиғи сиғи, талатўп. Онамнинг чеҳрасига тасаввур қилиш қийин бўлган саросима югурди. Мен у кишида рўй берган бундай ҳолатни ўша кезда тушунмаган эдим. Кейинроқ ўзимча ўйлаб англаб етдим. Қайтиб келиши даргумон бўлган ўғлини кузатаётиб, она мисоли қафасга тушган қушдек ҳолатни бошидан кечирар экан. У ўзини ҳар томонга урарди. Гоҳи кўзлари маъносиз жавдирайди, нима қилаётганини билмай, шошилинч ва кескин ҳаракатлар қилади, керакмас нарсаларни жамоданга солади, керак нарсаларни ҳам бир жойдан олиб, иккинчи жойга қўяди, гард юқмаган бўлса ҳам, уст бошимни қоқади, бошим ва орқа бўйинларимни силаб сийпалаб, шу баҳонада қўлларини менга теккизиб теккизиб олиб, сал хуморини ёзгандек бўлади... Хуллас, саросимадан ўзини бутунлай йўқотиб кўйганди.

Ёшлигимда баъзан дилгир оналарнинг ўз ўғил қизларига: “Э болам, шошма, ҳали фарзандларинг бўлар, ўшанда кўрасан”, деган гапларини эшитиб қолардим. Лекин ўша пайтлар бу гаплар маъноси устида кўпам бош қотиравермасдим. Вақтлар ўтиб, ўзим ҳам ота бўлдим, фақат шундагина англадим улар мазмунини. Онажонимнинг ўша пайтдаги аҳволини ҳам шундагина тушуниб етдим. Ахир у киши ўз ўғлини кундалик бориб келиб юриладиган хизматга, оддий сафарга эмас, балки ўлим ҳукм сураётган жойга жўнатаётганди. Ундан қачон ва қай аҳволда қайтади, умуман, қайтадими йўқми, буни фақат ёлғиз Аллоҳгина биларди! Онамнинг ўзига жой тополмай, оёғи куйган товуқдек питирлаб жонсарак бўлиши шундан эди...

Йигитлар узун ўтирғичларга жойлашиб олишгач, машиналар жойидан қўзғалди. Ҳаммаёқни қий чув тутиб кетди. Бир зумда бутун атоф қуюқ чанг тўзонга бурканди. Унинг орасида машина ортидан чопиб келаётган кузатувчилар ғира шира кўринади.

Машинага чиқишим олдидан онам мен билан бағри гирён бўлиб хайрлашди. Бир пайт қарасам, у қуюқ чанг ичида икки қўлини олдга чўзганича машина орқасидан чопиб келяпти. Оёғидаги калиши тушиб қолган бўлса керак, ялангоёқ эди. Салдан сўнг қўлларини мен томон узатганича чангда кўринмай қолиб кетди...

Онамни эслаганимда ёдимга тушадиган воқеалар жуда кўп. Ёз ойларида беда ўриш, кечалари қўш қўшиш, қиш кунлари ўтин чўп йиғиш, молларга пичан сув бериш. Баҳор кунлари от етаклаб чиғир чархпалак ҳайдаб, ер суғоришлар... Айтгандай, шунгача, эрта баҳорда отам, акам Тошсақа Шовот каналининг Амударёдан сув оладиган жойига қазувга кетишарди. Ўша кезлари мен ёш бўлишимга қарамасдан, “оила бошлиғи” бўлиб қолардим. Онам менга ўғилбола сифатида кўпроқ суянгандек бўларди, бундан ўзим ҳам бошқача ғурур ва масъулият сезиб, бирданига анча улғайиб қолгандек бир туйғуни ҳис қилардим. Ундан сайин онамга меҳрибонлигим ва ҳурматим оша борарди. Яна шуни сезардимки, ўзимни канчалик катта кўрсатмай, онажоним аксарият пайтлари мени аярди: ишнинг оғирини ўзи қилиб, менга енгилини қолдирарди. Бундан ўзимни камситилгандек билиб, ўғилболалик бурчимни тўлиқроқ бажаришга ҳаракат қилардим. Онам билан ўртамиздаги бундай самимиятни ҳеч қачон эсдан чиқармайман. Бироқ қаерда бўлмай, қай шароитга тушмай, унинг чанг тўзон ичида қўлларини олға, мен томон чўзганича машина кетидан югурган қиёфаси энг яхши ҳайкалтарош асаридек кўз ўнгимда муҳрланиб қолди. Шу қиёфада у менга доимо йўлдош бўлди.

 

  

...Машиналар чор атрофни чанг тупроққа белаб, шиддат билан йўл босмоқда. Хоразм ўлкасининг бош шаҳри бўлган Урганч ортда қолди. Ўша пайтлари шаҳардан кўра катта қишлоқни эслатадиган Хонқа ва Ҳазораспда ҳам тўхтамасдан ўтиб кетдик. Ҳозирги машҳур Туямўйин довонларидан ҳам ошдик. Нарёғи қарийб уч юз чақиримлик Қорақум саҳроси. Хавф хатарга тўла бепоён кенглик.

Бу йўл менга яхши таниш. Беш йил давомида ундан неча марталаб ўтганман. Ўта машаққатли бу йўл. Бирор сабаб билан ундан қочиб қураниб ўтмоқчи бўлганларнинг қум барханлари орасида қолиб кетгани ҳақида эл оғзида ҳар хил гаплар юради. Аслида, уни йўл ҳисоблаш ҳам унча тўғри эмасди. Йўлсизлик дейиш тўғрироқ бўларди. Баъзи жойларда машина текис қирлардан бир неча чақирим елдек елиб ўтса, кутилмаганда олдинда қум барханлари чиқиб қолади. Шунда ҳайдовчиларнинг: “Яқиндагина бу ерлар тақир қир эди. Мана энди қум барханлари пайдо бўлибди. Энди қандай ўтамиз”, деб нолиганлари эсимда. Доимо кўчиб турадиган бу қум машаққатларини урушдан олдин ўқишга қатнаб бошимдан кўп ўтказганман. Ҳар гал Тошҳовуздан Чоржўйга қанчадан қанча хатарларни, кутилмаган машаққатларни бошдан кечириб етиб олардик. Сувсизлик, озиқ овқат етишмаслигидан азоб кўрардик. 

Воҳадан Чоржўйга борадиган бошқа йўл йўқ эди. Текис келаётган машина бирданига қумга ботиб чираниб қоларди, шунда йўловчилар сакраб тушиб, қумнинг оловли тафтида куйиб пишиб, машинани илгари силжитишга ҳаракат қилишарди. Бу ҳам ёрдам бермаса, ҳайдовчи эҳтиёт шарт машинага ташлаб қўйган тахталарни ғилдирак остига ётқизардик. Машина бир тахта бўйи жилгач, уни олиб, яна ғилдирак йўлига тўшардик. Тезюрар уловда тошбақа тезлигида имиллаб, бир барханни ортда қолдиргач, салдан кейин бошқасига дуч келинарди. Арзимаган масофа шу йўсинда уч тўрт кунда босиб ўтиларди. 

Ҳозир эса бу хатарлар унча қўрқинчли эмасди. Деярли ҳаммамиз навқирон йигитлармиз. Зарур бўлса, машинани барханлар оша кўтариб ўтишга ҳам кучимиз етади.

Машина ҳамон илдамлаб боряпти. Унинг устида ўтирганлар орасида аҳён аҳёнда эшитилиб қоладиган “Фалончи кузатишга келдими?”, “Дўстим, энди уйланган экансан чоғи, қайлиғинг ҳам жуда ёш экан”, “Йиғлаб қолган бола сеникимиди?”, “Уйланиб улгурибсан да” сингари савол жавобларни, шу ҳолат ўринсиз туюлаётган айрим ҳазил ҳузулларни ҳисобга олмаганда, умуман, жимлик ҳукмрон. Ким нимани ўйлаяпти, билиб бўлмасди. Бироқ аксарият йигитлар хаёлини икки хил ўй банд этганлиги шубҳасиз эди.

Бири, Сталиндек қудратли доҳиймиз, Ворошиловдек шавкатли қўмондонимиз борлиги. Тасаввуримизда, ҳозирча биз режали равишда, атайин душманни мамлакат ичкарисига киришга йўл қўйиб беряпмиз. Шу йўл билан уни тор мор келтириш ва Ватанимиз сарҳадларидан итқитиб ташлашимиз осон бўлади. Сўнгра дунёда тенги йўқ Қизил армия уни қувиб бориб, ўз маконида мажақлаб ташлайди. Биз шу армия сафига қўшилишга боряпмиз. 

Сталинча тарғибот онгу шууримизга шундай фикрларни зўр маҳорат билан сингдирган эди. Мактабда, ўқитувчилар тайёрлаш билим юртида муттасил ўргатишарди: биз ҳаммадан зўрмиз, мамлакатимиз – енгилмас қалъа, куч қудратда тенги йўқ давлат.

Иккинчиси, нима бўлса ҳам уруш уруш да, деган ўй эди. Унда қурбонлар бўлиши аниқ. Ким омон қайтади, ким қайтмайди, буни ҳеч ким билмайди. Бировни ҳаётдан маҳрум қилиш учун битта адашган ўқ ёки портлаган снаряднинг кичик парчаси кифоя. Бундай оғир қисматдан қочиб қутулишга бирорта одамнинг ишончи комил бўлиши мумкин эмас. Бунинг устига ҳаммаёқда не не йигитлар ортидан келиб турган қорахатлар сони ортган. Кўча кўйда жанг майдонидан зўрға қўлтиқтаёқда судралиб чиқиб қайтган ногиронлар ҳам тобора кўпроқ кўзга ташланмоқда... Хуллас, ўйлайман деса ўйдан кўпи йўқ. Лекин йўлсиз ердан йўл солиб, ҳар қадамда силкитиб сакратиб, гоҳида ағдарилиб кетиш даражасида чуқурдан чуқурга шўнғиб, дўнгдан дўнгга сакраб шиддат билан бораётган машина устида чинакамига хаёлларга берилиш ҳам, шериклар билан суҳбат қуриб, кераксиз ўйларни ўзингдан соқит қилиш ҳам мушкул эди. Ёшликданмидир ёки советча тарбия натижасимидир, “Инсон тақдирини ўз қўли билан яратади” деган бир қоидани ўзлаштириб олган эдик. Агар инсон ўз тақдирини ўзи яратадиган бўлса, “тақдир” тушунчаси ортиқча бўлиб қолиши хусусида ўйлаб ҳам кўрмасдик. 

Эзгу орзу истаклар қисмати нима бўлади? Машина устида силкиниб, тебраниб йўлда давом этаётган бу йигитлардан ҳар бирининг қалбида ширин орзу умидлар жўш уради. Баъзилари бола чақа ўстириб, уларга бош бўлиб юриш умидида бўлса, яна бирлари элда обрў топиб, тўй томошалар қураб, юртга ош беришни орзу қилади, айримлари зўр меҳнат қилиб, ўша кезлари кўп ташқиқ этиладиган “зарбдор” номи билан ўзини шон шуҳратга чўлғаш ниятида. Хуллас, ҳар кимда ҳар хил хаёл...

Мен эсам, ҳали ёш бўлсам да, Чоржўйдаги муаллимлар билим юртида, Тошкент, Самарқанд олий ўқув юртларида бироз таҳсил кўриб, илмдан хабар топиб, нуфузли домлалар сабоғини олганман, доно суҳбатларини эшитганман. Узоқ қишлоқ фарзанди бўлишимга қарамасдан, Ленинград, Москвада таълим олиб келган мутахассисларнинг илмий мушоҳадаларидан нафланиб улгурганман. Бу ҳол мени “келажагим илм фан билан боғлиқ” деган хулосага олиб келган. Шу қисқа ҳаётий тажрибам ва билимим туфайли англаб турибманки, ҳали йўлимиз барханлар оша ўтиб бораётган бу машиналар билан тугамайди. Биз машиналардан тушиб, поездларга чиқамиз. Улар бизни ўша қорахатлар битилаётган жойлар томон олиб кетади...

Ёнимда содиқ дўстим Напас. Ҳеч бир шароитда пинагини бузмайдиган, бир қарашда хатто хаёл суришни ҳам кўп ёқтиравермайдигандек кўринадиган унинг хаёлини ҳам шу кезда нималардир чўлғаб олган. Жимгина ўтирибди, нималар ҳақида ўйлаётгани билан ўртоқлашмаслиги ҳам аниқ.

Кўп ўтмай яна машиналар шиддат билан олға интилди. Аскарлар бир бирларига суянишиб, жим ўтиришарди. Бора бора чарчоқ ўз кучини кўрсата бошлади. Баъзилар ўзаро суянишганича бир зум бир зум мудраб олишяпти. Жануб томондан Қорақум олов пуркайди, иссиқ ҳовур юзларни ялаб ўтади. Кўзларга қум заррачалари урилади. Йўловчи дўстларимнинг юзлари бироз қорайгандек, саҳро олови таъсирида қум рангига мослашгандек туюлади.

Бу узоқ ва машаққатли йўлни иккига бўлиб турадиган Дарғонота номли бир макон бор. Илгарилари ҳам бу жойда кўп марталаб тўхтаб ўтганмиз. Ҳозир туман маркази ҳисобланадиган ушбу маскан ўша пайтларда каттароқ қишлоқ эди. 

Бу ерда тушлик овқат қилиб, бироз дам олиш мўлжалланган шекилли, машиналар туман марказининг қулайроқ жойига бориб тўхташди. Сафарбарчилар гуруҳ гуруҳ давра қуришди. Ота оналар, қариндош уруғларнинг қўярда қўймай тутқазишган емишлари ўртага қўйилди. Бироқ бу емишлару, дам олишлар ҳеч кимга ҳузур бағишлай олмасди. Баъзан айтилаётган ҳазил мутойибалар ҳам зўрма зўраки, ҳол аҳвол сўрашлар ҳам шунчаки таомил учун эканлиги сезилиб турарди. Гоҳида бирданига “бориладиган жойга тезроқ етиб борсак экан” деган кайфият пайдо бўларди ю, дам ўтмай у “қаёққа ҳам шошамиз” деган хотиржамлик билан алмашарди. Ора сира охирги манзилимиз ҳақидаги тахминий гаплар ҳам ўртага чиқиб турарди. Кимдир “ҳаммамиз Ворошилов ўқчиларимиз, тўғри бориб жангга киришамиз” деса, яна кимдир “бизни командирлар тайёрлайдиган ўқишга олиб боришармиш”, деган тахминни айтарди. Бироқ бу гапларни ҳам биров эшитиб, биров эшитмасди, тўғрироғи, эшитиб, бу тўғрида бош қотиришни ҳеч ким истамасди. Бироқ “военкомат”даги кузатув манзаралари ҳамманинг кўз олдида турарди...

Машинага чиқиш олдидан онажоним менга одатдагидек оқ фотиҳа берди. Озғин, қадоқ қўлларини билаштириб, ҳовучини очди-да, аждодлар руҳига дуо ўқиб, сўнгра Аллоҳу Пайғамбаримизга илтижо қилди:

- Илоҳим, ой бориб, омон қайтгайсан. Ишонганим – Худо. У сени ҳамма балолардан асрасин! 

Дуо ўқиб, қўлларини юзига тортар экан, онамнинг азиз қўллари кўзёшларига ювилганини кўрдим. Мени тортиб, бағрига босаркан, қулоғимга: “Жонгинам, қувватим, кўзимнинг нури” деган фарёдга айлангудек аламли, титроқ сўзлари эшитилди. Бутун борлиғимни зирқиратган бу сўзлар бир умрга қулоғимга ўрнашиб, муҳрланиб қолди. 

Икки кундан кейин биз ўзимизни Каттақўрғон шаҳридаги командирлар тайёрлайдиган ўқув юртида кўрдик. Оғир, машаққатли машқлар бошланди... 

 

МАТЁҚУБ ҚЎШЖОНОВ

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+16° пасмурно
Валюта курси
10321.21
USD 5.59
12003.57
EUR -207.03
132.07
RUB -4.21