my5

Сувни кўрмай этик ечганлар (фельетон)

МУТОЛАА 09.04.2020, 19:24
Теглар: фельетон, коронавирус
4041
Сувни кўрмай этик ечганлар (фельетон)

Султон буванинг қулоғи оғирлашганига бирор фасл бўлдиёв? Қиш бўйи “Ана бораман, мана бораман...” деб жадаллади, қани йўли бўлақолса. Бирисида энди эшакка миниб қишлоқ марказидаги шифокорга кўриниб келай деб отлангани... қўшни маҳаллага жанозага айтиб қолишди. Бирисида тун бўйи кампири жаврашидан зада бўлиб, тонг саҳар эшакни қичаганим бўлсин, деганида... тонгда турса тизза бўйи қор ёққан. Шу ҳавода эшакни овора қилмай деди...

Мана энди баҳор келиши, кунлар илиши билан яна шу кампирининг зуғумига чидолмай шифокорга бордию... бу ёғида орттирган ҳангомасини қўяверинг.

Бир бошдан айтсак. Эрталаб чойини ичиб, кўчалик кийимларини кийганча, кампирига: “Шу дўхтир боланинг қўли енгил дейдилар. Том битган қулоғимни бир очсин, сени ҳамсоя кампир билан девор тагида ўтирганча шивирлашиб, айтадиган миш-мишларни эшитай, бир адабларингни берай!” деб жўнагани... тушга яқин боши осмонда, икки қулоғини тикрайтирганча келиб турибди-да.

Эшагини девор тагидаги қозиққа боғлаганича ўчоқ бошида куйманаётган кампири устига босиб кела бошлади. 

“Ҳа, овқатинг пишдими? Ҳидини ҳали катта кўприкка етмай сездим, ёғ доғлаганинг товушини ундан олдинроқ эшитдим. Раҳмат, шу дўхтирларга! Бир игнага пахта ўраб, яна нимадир пуркаб бир ювди, бир ювди қулоғимни. Ажинам қўзадию, яна кулгим келади. “Тарқа” очилдида қулоқвой! Энди мендан гап яшириб бўпсан!

Султон бува шундай деганича ҳазиллашиб кампирини қучди. Кампири: “Қариганда суюлманг!” деганича нари итаргач, қозон қопқоғини очиб дамини олган паловга суқланганича: “Бай-бай, қўлинг ширинда кампир. Шунинг учун сенга уйланганманда!” деди. Кўрсаткич бармоғи билан дона-дона бўлиб шишган гуручларни ушлаб ҳам кўрди.

Шу пайт кенжа ўғли боғ тўридан келиб қолди. Отасининг онаси билан қозон бошида ҳазиллашиб туришганига кулганича ўтаётганди, Собир бува уни тўхтатди:

-Сен...уйга кир, боғ айлан, такасалтанг бўлиб юравер! Ана Абдулла сартнинг супрақоқдиси елкасида бир қоп совға-салом билан юрт ошиб келибди! Билагида кучи бор йигит, ишлайдиган вақтида. Ҳали қопини айтдим, чўнтагида анов дўллур деганидан қанча бор? Қараб туринглар, бирор ҳафта ичида машина олмаса, кўча чанғитиб ўтмаса...мен кафил.

Кампир қозон қопқоғини ушлаганича турган жойида қотди, сўрагани шу бўлди:

-Қаердан келаётган экан у...оти қурсин, қоп орқалаб?

Собир бува кийимларини алмаштириш учун ичкари йўналаётганди, кампирининг саволидан сўнг шу ишёқмас ўғлининг яна бир бора таддисини берай деб оғзини тўлдирганча гапирди:

-Қаердан, қаердан? Бу ишёқмасингга ўхшаб, ҳафтада бир марта Девқалъа тагидаги бозорга чиқиб, топгани папиросига етмайдиган ишмас. Шимкентдан келаётган экан...

Собир буванинг гапи оғзида қолди. Кампири қопқоқни қозонга бостиришни унутиб, ёнига келди. Ранги ғалат тусга кирганди. Овози янаям қўрқинчли чиқди:

-Қайдан келаётган экан?!

-Шимкентдан деди. Қозоқ бовурларимиз юртида бу!

-Нима?! Сиз...сиз ўша бола билан кўришдингизми?

Собир бува елка қисди, ажабланди.

-Нега кўришмай? Кўришдим. Неча мозор босиб келаяпти ахир. Юзларини силаб, тавоф ҳам қилдим...

Кампири ўзини ташлаб юборай деди, овозидаги ваҳимага ош пишадиган.

-Кўришдим?! Юзини силадим? Қачон?!

Собир бува сергакланди:

-Қачон? Дўхтирга боришда. Нима қилибди? Пес очибдими?

Энди сергакланиш навбати кампирига етганди.

-Аҳмоқ чол! Эсини еган чол! Ахир...анов  касаллик тарқалди, деб телевизор бир ойки сайраб ётибдику! Қозоқдан келган бўлса унинг устига! Тўрт ойки, оғзимда оғиз қолмади, дўхтирга боринг, деб. Бу қулоғи том битганнинг ҳеч нимадан хабари йўқ. Яна...яна юзини силабдимиш. Вой ўлай...

Бошланди. Собир бувага кийимларини алмаштириш буюрмаган экан. Кампири қистови билан қайта эшакка минди, ҳатто узоқ йўл босиб келганидан оғзи қуриганди, кампири қурмагур бир коса сув бермади. Мазали ҳиди чиқиб турган бир қозон палов ахлат ўрасига ағдарилди. Кампир боя чоли қучоқлагани эсига тушиб, устидаги неки кийими бор, ўчоққа қалади.

Собир бува эшакда, кампири ўн қадам ортда, ўғли бирор ўн беш одим олдинда қишлоқ марказига жўнадилар...

Боягина дўхтирлар ҳазиллашганча кузатиб қўйган врачлик пункти ҳалиям гавжум эди. Собир бува қайтиб келганини кўриб, тағин ҳазиллашмоқчи эдилар... кампир воқеани айтгач, ҳаммаси сувга тушган мушукдек шумшайганча жойида қотишди.

Туман марказидан “тез ёрдам” чақиртирилди. Собир бува билан кўришган кимки бор рўйхати тузилди. Дўхтир ёнидаги ҳамшира бу хабардан сал бўлмаса ҳушини йўқотай, деди.

Ўн чоғлик одам минган “тез ёрдам” ва яна бир шифокорнинг “Нексия”си туман марказига жўнади. Кимнингдир таклифи билан Собир буванинг эшагини пункт боғига ўтказиб, қандайдир дорилар билан роса шалаббо қилиб эзишди...

Коронавирусга гумондор деб топилганлар туман шифохонасининг алоҳида бўлимига жойлаштирилиб, юзларига ниқоб, устларига ғалати кийим кийган шифокорлар улардан таҳлил учун қон олишга киришдилар.

Қулоғи очилганидан бери дунёларга сиғмай юрган Собир бувани алоҳида бир хонага киритишди...

Икки соатлардан сўнг участка нозири Болтабой шифохонага етиб келди ва кутилмаганда ҳаммасини карантиндан озод қилиб, уйларига тарқашни буюрди. 

 Бор гап шу!

Рўзимбой ҲАСАН

Карикатурачи рассом: Ҳусан Содиқов

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+15° пасмурно
Валюта курси
10321.21
USD 5.59
12003.57
EUR -207.03
132.07
RUB -4.21