Қўқонда ота ўзининг 6 яшар ўғлини касалхонанинг тўртинчи қаватидан итариб юборди. Бу ҳақда «darakchi.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.
Терговга қадар текширув жараёнида маълум бўлишича, вояга етмаган Д.Ш. (руҳшунос иштирокида) берган тушунтиришида ўзини касалхона деразасидан 40 ёшли отаси И.Ш. итариб юборгани айтган. Бунинг оқибатида бола ўртача оғир даражада тан жароҳати олади.
Ҳолат юзасидан 2020 йил 28 февраль куни Қўқон шаҳар ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 111-моддаси (Эҳтиётсизлик орқасида баданга ўртача оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилган. Бироқ иш материаллари шаҳар прокуратураси томонидан ўрганилганда И.Ш.нинг ҳаракатларида ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдиришга суиқасд қилиш жинояти аломатлари аниқланади. Шундан келиб чиқиб, куни кеча (07.04.2020й.) айблов Жиноят кодексининг 111-моддаси 1-қисмидан 25,97-моддаси 2-қисми (ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдиришга суиқасд қилиш) «в» бандига қайта малакаланди.
Янги айблов бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилган тақдим этлган маълумотда.