Бугун, 11 апрель куни кечки пайт короновирусга чалинган Фарғона вилояти Ёзёвон туманида яшовчи, Умра сафарида бўлиб қайтган 59 ёшли фуқаро Н. ўткир респиратор дисстрес синдром, ўткир нафас етишмовчилиги ҳамда ўпка-юрак етишмовчилиги натижасида вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар қилди.
Маълум қилинишича, марҳум Н.да жорий йил 25 март куни коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган эди. Бемор (аёл) шу йили 31 март куни сунъий нафас олиш аппаратига уланган. Беморда ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, гипертония 3-босқич, артериал гипертензия 3-даража, хавф ўта юқори бўлганлиги сабабли касаллик оғир кечиб, у 12 кун давомида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган.
Даволаниш даврида тиббиёт фанлари доктори, профессор А.Хаджибаев раҳбарлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош пульмонологи, профессор И.Ливерко, етакчи реаниматологлар Д.Собиров ва Х.Сатторов иштирокида бир неча бор видеоалоқа орқали керакли тавсиялар бериб борилган. Бундан ташқари, даволаш стандартларига мувофиқ, вирусга қарши, антибактериал, инфузион, муколитик, симптоматик ва респиратор терапия муолажалари ҳам олиб борилган.
Эслатиб ўтамиз, бу юртимизда короновирус оқибатида ўлим қайд этилган тўртинчи ҳолат.
Аввалроқ, 27 март куни коронавирус билан касалланган наманганлик 72 ёшли аёл, 28 март куни тошкентлик 39 ёшли эркак ва 8 апрель куни чирчиқлик 40 ёшли эркак вафот этганди.