my5
all

Ньютон карантинни қандай ўтказган?

МУТОЛАА 16.04.2020, 21:18
Теглар: карантин, Ньютон
1726
Ньютон карантинни қандай ўтказган?

Бугунги кунда сайёрамиздаги аксарият мамлакатларнинг аҳолиси коронавирус инфекцияси жабридан азоб чекмоқда. Ҳамма жойда чекловлар жорий этилган, юз миллионлаб одамлар карантин ёки “ўзларини яккалаш” билан банд. Тўғри, осон эмас бундай шароитда яшаш. Аммо алломалар айтганидай, бошга тушганини кўз кўраверади.

Яқинда оммавий ахборот воситаларининг бирида безгак, вабо, ўлат ва бошқа юқумли касалликлар келиб чиққан пайтда одамлар ўзларини қандай ҳимоялаганликлари, вақтдан унумли ва оқилона  фойдаланиш, қолаверса, зерикмаслик учун нималар билан шуғулланганликлари ҳақидаги материални ўқиб олдик. Назаримда, буларни ҳар ким билиши керак, деб ўйладим. Шунинг учун ўзим тўплаган айрим маълумотлар билан ўртоқлашгим келди. Улар сизда ҳам қизиқиш уйғотади, деб ўйлайман.

Буюк инглиз олими Исаак Ньютонни билмаган ёки унинг илм-фанга қўшган улкан ҳиссасидан бехабар инсон бугунги кунда кунда дунёда йўқ бўлса керак. Чунки алломанинг номи ва оламшумумл кашфиётлари ҳаммамизга мактаб дарсликларидан ҳам маълум.

Шу ўринда Ньютоннинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак. У 1643 йилда туғилиб, 1727 йилда вафот этган. Физика, математика ва бошқа қатор фанлар билан шуғулланиб, катта натижаларга эришган. Лондон Қироллик жамияти аъзоси  ва унинг раҳбари бўлган. Оламшумул  илмий ишлари учун лорд унвони берилган.

Ньютон бутун олам тортишиш қонуни ёрдамида  осмон жисмларининг ҳаракатини изоҳлади. У ишлаб чиққан механика ва физиканинг асосий вазифалари замонасининг илмий муаммолари билан узвий боғланган эди. Масалан, қатор тадқиқотлари оптик асбобларнинг камчиликларини бартараф қилишга қаратилган эди. Ёруғлик ва рангларнинг янги назарияси ҳам фанда катта воқеа бўлди.

Тарихдан маълумки, 1665-1666 йилларда Англияда даҳшатли офат – ўлат юз берган. Ўша пайтда яшаганларнинг гувоҳлик беришича, у фақат Лондонда аҳолининг тўртдан бир қисми ёстиғини қуритган. Ньютон таҳсил олаётган Кембриждаги Тринит коллежида ҳам машғулотлар тўхтатилиб,  барча ўқитувчилар ва талабаларга  карантинни уйларида ўтказиш учун номуайян муддатга таътил эълон қилинган.

Йигирма ёшли Исаак китоб-дафтарлари ва анжомларини олиб, олтмиш чақирим масофада жойлашган Линкольншир графлигидаги  Вулсторп қишлоғига йўл олади. Бу ерда унинг ота-онасидан қолган ерлари бор эди.  Диққатга сазовор томони шундаки, у ўзининг қатор кашфиётларини, жумладан, бутун олам тортишиш қонунини айнан ўзини “яккалаган” мазкур даврда яратди.

Бу тўғрида азалдан латифанамо гаплар ҳам бор. Яъни, айтишларича Ньютон  одатда дарахтлар остига қўйилган столда ижод қилиб ўтираркан.   Кунлардан бир куни шу ерда тўсатдан  бошига олма келиб тушади. Мазкур ҳодиса уни ўйлашга мажбур этади ва пировард натижада ернинг тортишиш кучи борлиги ҳақидаги ғоя юзага келади.

Тўғри, қонуннинг яратилишига олма сабаблиги ҳақида унинг ўзи ҳеч қандай ёзув ёки гувоҳлик қолдирмаган. Бироқ олимнинг дўсти Уильям Стаклининг хотираларига кўра олма ҳақидаги гапни унга Ньютоннинг ўзи айтиб берган. 1726 йилда икковлон ўша олма дарахти ўсган боғда чой ичиб ўтиришган. Шунда олим беихтиёр бир пайтлар худди шунга ўхшаш вазиятда бутун олам тортишиш қонунини кашф этганини эслаган. Дарвоқе, ана шу олма дарахти қарийб юз йил музей экспонати сифатида сақланган ва уни зиёрат қилгани келиб туришган.

Қисқаси, “ўзини ёлғизлаш” туфайли Исаак Ньютон ана шундай оламшумул кашфиётнинг муаллифига айланган. Бундай ажойиб мисолларни ҳаётдан кўп келтириш мумкин. Келгуси мақолада улуғ рус шоири Александр Сергеевич Пушкин ижодига тааллуқли ҳолатлар билан таништирамиз.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+26° ясно
Валюта курси
10148.31
USD 9.01
11262.59
EUR 210.75
144.05
RUB 2.7