Тошкент тиббиёт академияси клиникасидаги коронавирус аниқланган 11 бемор бугун тўлиқ тузалди. Бу ҳақда ССВ хабар берди.
Юртимизда коронавирус инфекциясига чалинган беморлар даволанаётган шифохоналарда тиббиёт ходимлари томонидан халқаро стантдартлар асосида муолажалар олиб борилмоқда. Бунда, малакали шифокорлар, шунингдек, пульмонолог, кардиолог, терапевт, эндокринолог каби етук мутахассислар билан телемулоқот ўрнатилгани ҳам даволаш жараёнида ўз самарасини бераяпти.
Айни синовли дамларда ҳақиқий ватанпарварлик намунасини кўрсатиб, фаолият юритаётган минглаб шифокорларимиз саъй-ҳаракатларининг меваси эса соғайган беморлар қувончида акс этмоқда.
Жумладан, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан илк бор коронавирус инфекциясига чалинган 11 бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.
Соғайганларнинг барчаси чартер рейс орқали Туркиядан Тошкентга келишган бўлиб, 7 нафари “Ботаника” санаторийсига, қолган 4 нафари эса Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилганди. Уларда коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасига жойлаштирилган. Беморлардан 7 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улардан 4 нафари пойтахтимиздан, яна 4 нафари Тошкент вилоятидан, 2 нафари Фарғона ва 1 нафари Андижон вилоятларидан. Улар орасида энг ёши каттаси 51 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 23 ёшда.
Ҳозирга қадар юртимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 225 нафар бемор тўлиқ соғайди.





