Ички ишлар вазирлиги айрим тушунмовчиликларга изоҳ берди: Карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун уларни жарима майдончасига жойлаштириш қонуний!
Махсус комиссиянинг 2020 йил 4 апрелдаги қарорига мувофиқ, автотранспорт воситаларининг махсус рухсатнома (стикер)сиз ҳаракатланишига йўл қўйилганда, ички ишлар органлари йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилиши белгиланган.
Айрим фуқаролар ва экспертлар махсус рухсатнома (стикер)сиз ҳаракатланиш билан боғлиқ масалалар — йўл ҳаракати қоидалари доирасидаги ҳуқуқбузарлик, деб НОТЎҒРИ фикр юритишяпти.
Ушбу ҳолат йўл ҳаракати эмас, балки қарантин қоидаларини бузиш деб малакаланади. Карантин чекловларини бузган шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қодекснинг 54-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортилади.
Карантин қоидаларини бузувчи шахслар томонидан, жумладан тегишли ҳуқуқи мавжуд бўлмаган тақдирда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларининг ҳуқуқбузарликни давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида, мазкур автотранспорт воситалари ички ишлар органлари томонидан жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилади.
Махсус комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.