АсосийJamiyat

"Карантин даврида ишсиз, даромадсиз қолганларнинг турмушини янада мураккаблаштириш қанчалик тўғри?"

'"Карантин даврида ишсиз, даромадсиз қолганларнинг турмушини янада мураккаблаштириш қанчалик тўғри?"'ning rasmi

Хабарингиз бор, Ўзбекистонда карантин тартиби жорий этилганидан сўнг, марказий шаҳарларда фақат махсус рухсатнома асосида, яъни стикери бор машиналаргагина ҳаракатланиш учун рухсат берилди. Стикерсиз автомобиллар аниқланганда эса жарима қўллана бошланди. Ушбу ҳолатга нисбатан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев ўз муносабатини билдирди:

"Айни карантин пайти айрим юртдошларимиздан бир масалада кетма-кет мурожаатлар тушяпти: махсус рухсатнома (стикер)га эга бўлмаган автомобиллар Ички ишлар ходимлари томонидан жарима майдончаларига олиб бориб қамаб қўйилаётгани қанчалик қонуний асосга эга деган савол бугун (яъни 17.04.2020) кун давомида фуқароларимиз томоиндан бир неча бор кўтарилди.

Ҳозирги кунда биз Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ушбу масалани чуқур ўрганишга киришдик. Кўпчилик депутатларнинг дастлабки фикри қуйидагича:  

Биринчидан, ЎзР Маъмурий жавобгарлик кодекси 54-моддасига мувофиқ ҳуқуқбузарга нисбатан баённома расмийлаштириб, жарима қилиш ва уйига қайтишга мажбурлаш кифоя қилади. Стикерсиз автомобилни жарима майдончасига олиб бориб қамаб қўйиш қонунчилигимизда кўзда тутилмаган.

Иккинчидан, содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун миллий қонунчилигимизда битта жавобгарлик белгиланган бўлиб, фуқарони икки марта жазога тортиш ана шу адолатли принципга тўғри келмайди.  

Учинчидан, карантин даврида юртдошларимиз ишсиз, даромадсиз қолган бир пайтда уларнинг турмушини янада мураккаблаштириш қанчалик тўғри? Биз гайкани ҳаддан ташқари бураб қўймаяпмизми? Шундоғ ҳам карантиндан қийналаётган фуқароларимизга бу жуда оғирлик қилмайдими?!

Албатта, карантин шароитида касаллик оммавий тарқалмаслиги учун  биз албатта қаттиққўл бўлишимиз керак, лекин меъёрни (ҳам ҳуқуқий ва ҳам инсоний маънодаги меъёрни) унутмаган ҳолда!" — дея хулоса қилган депутат.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг янги қарори эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистонда карантин муддати 10 майга қадар узайтирилди. 

 

 

 

    Бошқа янгиликлар