Республика махсус комиссиясининг қарори билан мамлакатимизда карантин муддати 20 кунга узайтирилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, карантин узайтирилгани боис юртимизда бўлиб турган хорижий фуқароларга берилган виза муддатлари жорий йил 1 июнга қадар автоматик узайтирилади.
Шунингдек, муайян муддатга визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлган давлатлар фуқароларига (агар белгиланган муддат бузилган тақдирда) истисно тариқасида мамлакатдан чиқиб кетишига жорий йилнинг 1 июнига қадар руҳсат берилади, уларга нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилмайди.
Вазирлик Республика махсус комиссияси ҳамюртларимизни хориждан олиб келиш учун чартер рейсларини ташкил этиш тўғрисида алоҳида қарор қабул қилишини эслатиб ўтади. Чартер рейсларининг санаси ва йўналишлари тўғрисидаги маълумот расмий интернет-манбалар орқали маълум қилинади.






