АсосийЖамият

Ўзбекистонда карантинда барча қурилишларни давом эттиришга рухсат берилади, соҳага эса 3,6 триллион сўм маблағ ажратилади

Аҳоли бандлиги ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш борасида катта имкониятларга эга “драй...

'Ўзбекистонда карантинда барча қурилишларни давом эттиришга рухсат берилади, соҳага эса 3,6 триллион сўм маблағ ажратилади'ning rasmi

Аҳоли бандлиги ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш борасида катта имкониятларга эга “драйвер”лардан бири қурилиш соҳаси ҳисобланади. Хусусан, бу тармоқ 1 миллион 325 минг нафар аҳолини иш билан таъминлайди, бошқа саноат йўналишлари учун ҳам талаб яратади. Шу боис, карантин даврида қурилиш ҳажми камайишига йўл қўймаслик мақсадида бу соҳага қўшимча 3,6 триллион сўм маблағ ажратилди. Карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда, барча қурилишларни давом эттиришга рухсат берилади. Бу ҳақда бугун, 20 апрель, якшанба куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилди. 

Йиғилишда қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи чорагида қурилиш ишлари ҳажми 6,5 фоизга ўсган бўлса-да, ўтган йилнинг шу давридан 4 фоизли бандга орқада қолмоқда.

Жорий йилда 30 минг хонадонли кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Лекин 25 та шаҳарда бунинг учун ер майдонлари ҳалигача ажратилмаган. Ипотека кредити олиш бўйича аризаларни кўриб чиқишда ҳам сусткашликка йўл қўйилган.

Янги тартиб асосида берилаётган ипотека кредитлари муддатини 15 йилдан 20 йилга узайтириш, шунингдек, ипотека кредитининг энг юқори чегарасини бозор талаблари асосида кўпайтириш кераклиги қайд этилди.

Йиғилишда қурилиш материаллари бозори билан боғлиқ масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. 

Карантин даврида мазкур индустрия корхоналарида ишлаб чиқариш ҳажми 30-40 фоизга камайган. Ўз навбатида, хомашё маҳсулотлари ҳам сотилмай қолган.Шундан келиб чиқиб, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компаниясига биринчи ярим йилликда маҳсулот ишлаб чиқаришни 10 триллион сўм ва йил охиригача 22 триллион сўмга етказиш вазифаси қўйилди. Бу кўрсаткичларни таъминлашда экспорт бозорлари асосий имконият ҳисобланади.

– Умуман олганда, уй-жой қурилиши бўладими ёки инфратузилма объектларими, қурилиш соҳаси янги иш ўринларини яратиш, бозорда талаб ва таклифни шакллантириш, пировардида иқтисодий ўсишни таъминлаш учун катта имконият ва захира ҳисобланади. Тармоқ раҳбарлари бугунги йиғилишда ўзларига юклатилган масъулиятни чуқур ҳис этиб, ишларни тўғри ташкил этсалар, иқтисодий инқироздан имкон қадар кам йўқотишлар билан чиқиб кетамиз, – деди Шавкат Мирзиёев видеоселекторда.

    Бошқа янгиликлар