АсосийЖАМИЯТ

"Лаънати пропаганда!" Хушнуд Худойбердиев давлат тили борасидаги лойиҳани "оёғини осмондан қилиб" етказаётганларга жавоб қайтарди

Куни кеча Адлия вазирлиги давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсла...

'"Лаънати пропаганда!" Хушнуд Худойбердиев давлат тили борасидаги лойиҳани "оёғини осмондан қилиб" етказаётганларга жавоб қайтарди'ning rasmi

Куни кеча Адлия вазирлиги давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқилганини хабар қилган эди. Шундан сўнг, житимоий тармоқларда узоқ йиллардан буён доимий муҳокама қилиб келинаётган ўзбек тили бўйича янада қизғин тортишувлар бошланиб кетди.

Бундан ташқари, ушбу лойиҳани нотўғри талқин қилиб чиқиш орқали рус тили ва бошқа тилларда сўзлашувчи аҳоли орасида турли нифоқлар солиш ҳолатлари пайдо бўлди. Аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйилган "давлат тилида иш юртмаганлик учун мансабдорлар жавобгарликка тортилади" жумласини бошқа тилда гаплашувчилар жавобгарликка тортилади тарзида тарқата бошлашди. Шунга кўра, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев мазкур лойиҳа ортидан пропаганда юзага келтираётган айрим "манфаатдорлар"га жавоб қайтарди. Шунингдек, ҳали лойиҳа мағзини тушунмаётганларга эса қайтдана шарҳ бериб, лойиҳа қанчалик муҳим ташаббус эканлигини тушунтирди:

 "Ундаги қоида жуда оддий ва тушунарли эди. Яъни агарда бирорта давлат ташкилоти иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаса, ўша ташкилотнинг мансабдор шахсига маъмурий жарима солинади (446 минг сўмдан 1 млн 115 минг сўмгача).

Биринчидан, бу ерда гап фақат давлат ташкилотлари (!) ҳақида кетмоқда. Ва жарима ҳам фақат давлат ташкилотининг мансабдор шахсига (!), яъни вазир, ҳоким, қўмита раислари ва ҳ.к.ларга қўлланади;

Иккинчидан, оддий аҳоли ҳақида бир оғиз ҳам гап йўқ. Яъни Ўзбекистон фуқаролари исталган тилида гапириши, исталган тилида давлат органларига мурожаат йўллаши, исталган тилида одамлар билан мулоқот қилиши мумкин. Бу уларнинг тўла конституцион ҳуқуқи ва бунга ҳеч қанақа тўсиқ ёки жарима қўлланмайди.

Учинчидан, давлат ташкилотларида ишлаётган бошқа миллатдаги ва бошқа тилда сўзлашувчи ходимларга ҳам бу ўзгариш тааллуқли эмас. Улар истаганча ўзига маъқул тилда гаплашаверади, ўз фаолиятини олиб бораверади. Бунга ҳеч қанақа тўсиқ ёки қаршилик қилинмайди.

Тўртинчидан, давлат ташкилотларининг расмий ҳужжатлари бошқа тилларда бўлишига ҳам тўсқинлик қилинмаяпти. Масалан, битта ташкилот ҳам ўзбек, ҳам рус тилида ҳужжат тайёрлади. Марҳамат, бемалол. Бунга ҳеч қанақа қаршилик йўқ. Лекин агар мабодо ўша ташкилот қарорларини фақат рус тилида қабул қилсаю, унинг ўзбекчаси бўлмаса, ана шундагина жарима келиб чиқиши мумкин. «Эй, ҳурматли каттакон, сен Ўзбекистонда яшаяпсанми ўзи ёки бошқа давлатдами, нега ўзбекчаси йўқ?» деган савол қўйилади унинг олдига.

Менимча, Сизга ҳам таклиф этилаётган лойиҳа мазмуни тушунарли бўлди, деган умиддаман.

Ана энди, шундай вазиятда рус пропаганда сайтлари провокация қилишни бошлаб юборди. Россиянинг Regnum нашри «Ўзбекистонда давлат органларида рус тилидан фойдаланганлик учун жарима белгиланади» деб ёзган бўлса, ўзимизда фаолият юритадиган Вести.уз сайти эса «Ўзбекистонда Пушкин тили учун жарима қўллашмоқчи» деб эълон қилди. Фарқини сезяпсизми?

Ҳукумат буёқда давлат ташкилотлари "ўзбек тилини ҳурмат қилсин" (!), демоқда, пропагандачилар уёқда “рус тилига жарима солишмоқчи” демоқда.

Шунақа ҳам жирканч провокатор бўладими? Ўқувчиларга маълумотни оёғини осмондан қилиб, мутлақо нотўғри етказиш орқали манипуляция қиладиганларга яна нима дейиш мумкин?

Товба қилдим, нима энди уларга қолса ўз уйимизда ўзимизнинг тилимизни ҳам ҳимоя қила олмаймизми? Ўзбекистон мустақил давлат, ўз тили, ўз қадриятлари, ўз қонунлари ва ўзининг тутган йўлига эга. Давлат ташкилотлари ва уларнинг мансабдорлари Ўзбекистонда яшар экан, ўзбек тилини ҳурмат қилишга мажбур ва ҳурмат қилмаганлик учун керак бўлса жаримага тортиш керак, бу жуда тўғри қарор.

Аммо шу билан бирга Ҳукуматимиз ўзбек халқини миллатидан, тилидан, динидан қатъи назар Ўзбекистон фуқаролари ташкил этишини ҳам ҳеч қачон унутмайди, бошқа тилларда сўзлашувчи фуқароларини ҳеч қачон жаримага тортмайди, уларга қаршилик қилмайди.

Шу сабабли, турли гиж-гижловчи ва аҳоли ўртасига нифоқ солишга қаратилган хабарлардан эҳтиёт бўлинг. Билингки, уларнинг мақсади юртимизда миллатлараро нотинчликни келтириб чиқаришга ҳаракат қилиш бўлиши мумкин", — ўз муносабатини билдирган ҳуқуқшунос.

Эслатиб ўтамиз, сал аввал Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси етакчиси ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеини ошириш борасидаги ташаббусларга нисбатан "негатив муносабатда бўлганлар"га жавоб қайтарган эди.

    Бошқа янгиликлар