Юртимизда коронавирус инфекциясидан ҳоли бўлган ҳудудлар сафининг кенгайиб бораётгани эътибор молик. Ҳозирча Қашқадарё вилояти ҳам коронавирус инфекциясидан ҳоли ҳудудга айланмоқда. Бу ҳақда ССВ хабар берди.
Бугун вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан коронавирус инфекциясига чалинган сўнгги бемор буткул соғайди. У вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Соғайган бемор 36 ёшда бўлиб, Чироқчи туманидан. У коронавирусга чалинган бемор билан мулоқотда бўлиб, ушбу инфекцияни юқтириб олган.
Эслатиб ўтамиз
Қашқадарёда коронавирус инфекциясига чалинган жами 6 нафар бемордан 5 нафари бир оиланинг аъзоларидир. Беморларнинг барчаси Чироқчи туманидан бўлиб, коронавирусга чалинган бемор билан мулоқот орқали юқтириб олишган. Қувонарли жиҳати, эндиликда вилоятда барча беморлар буткул соғайиб, Жиззах вилоятидан кейин коронавирусдан ҳоли иккинчи ҳудудга айланмоқда. Ушбу муваффақиятда вилоят юқумли касалликлар шифохонаси тиббиёт ходимларининг алоҳида ҳиссаси бор.
Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони 1134 нафарга етди.






