1 май куни Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори ўпирилиши оқибатида юз берган сув тошқини натижасида бошпанасиз қолган сирдарёликларга юртимизнинг барча ҳудудларидан инсонпарварлик ва кўмак карвонлари юбориляпти...
Энг қувонарлиси шундаки, хориждаги юртдошларимиз ҳам мазкур вазиятга бефарқ бўлишмаяпти. Аниқроғи, Германиядаги юртдошларимиз “Сардоба” сув омборининг фожиасида жабрланганларга ёрдам бериш мақсадида 6 май кунидан бошлаб, кўмак акциясини эълон қилишди. Мазкур кўмак акция ташаббускори эса Тошкетдаги психологик марказлардан бирининг раҳбари, психолог Замира Холбаева.

Кўмак акциясида Мюнхенда ўзбеклар диаспорасини ташкил қилган жаноб Герхард Биркл (Gerhard Birkl) бошчилигида у ердаги ҳамюртларимиз, хусусан Раъно Шарипова, Дилдора Жўраева, Жаҳонгир Музрабов ташкилотчилик ишлари билан фаол шуғулланишмоқда.
Замира Холбаева, “Acitve Life” психологик маркази раҳбари, психолог:
— Аввало айтишим жоиз, сирдарёлик ҳамюртларимиз БИЗ СИЗ БИЛАНМИЗ! Барчамиз бирлашиб, бу қийинчиликни албатта енгиб ўтамиз, сира тушкунликка тушманг!

Шуни ҳам таъкидлашим керак, оғир синовли кунларда Германиядаги ҳамюртларимиз, дўстларимиз, ҳамкорларимиз сирдарёлик ватандошларимиз бошига тушган кулфатни енгишда бизни руҳан ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашмоқда. Кеча, 6 май куни Кўмак акциясини эълон қилдик. Мазкур ташаббусимга Германиядаги ҳамкорим Мюнхенда ўзбеклар диаспорасини ташкил қилган жаноб Герхард Биркл (Gerhard Birkl) ҳам бефарқ бўлмади. Бунинг учун жаноб Бирклга ўз миннатдорлигимни билдираман. Ҳозирча 300 евро пул маблағи йиғилди. Қўлидан келганча ўз ёрдамларини аямаётганларга миннатдорлик билдирамиз. Йиғилган пул маблағлари сирдарёликлар ўзларини оёққа қўйиб олишлари учун зарур бўладиган чорва моллари ҳариди учун сарфланади.
Сирдарёлик юртдошларимизга имкон қадар кўмак беришни истаган Германиядаги юртдошларимизқуйидаги ҳисоб рақамларига пул ўтказишлари мумкин:
❗️ Чет эллик юртдошларимиз учун Viza Card:
4908298992560008
❗️ Ўзбекистондаги юртдошларимиз учун карта рақами:
8600572920905119
Мазкур эълон Мюнхенда ўзбеклар диаспорасини ташкил қилган жаноб Герхард Биркл (Gerhard Birkl)нинг www.uzbekistan-online.de порталида ҳам эълон қилинган.






