Президентнинг 2020 йил 4 апрелда имзолаган “Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 1 май кунидан бошлаб Аи-80 маркали бензин ва дизель ёқилғиси (шу жумладан ЭКО маркали дизель ёқилғиси) чакана нархини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли “Пахта нефтбазаси” МЧЖ 2020 йилнинг 21 май кунидан эътиборан нефтмаҳсулотларини сотишда янги нархларни эълон қилди. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ "Даракчи"га маълум қилди.
Унга кўра, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилаётган Аи-80 маркали бензиннинг 1 литри учун 3 000 сўм нарх белгиланди, Аи-95 маркали бензин нархи эса 5 884 сўм.
“Пахта нефтбазаси” МЧЖ томонидан юқорида номлари ҳамда нархи қайд этилган маркалардаги бензин АЁҚШларга улгуржи тарзда сотилади.
Уни сотиб олган хусусий АЁҚШлар транспорт хизмати ва бошқа харажатларни ҳисобга олган ҳолда ўзлари нарх белгилайди.