my5

Ўзбекистон мудофаа вазирининг маслаҳатчиси лавозими жорий этилади

ЖАМИЯТ 23.05.2020, 09:27
792
Ўзбекистон мудофаа вазирининг маслаҳатчиси лавозими жорий этилади

Президентнинг “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги таркибида юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси шаклидаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси фаолиятини Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Сағбон кўчаси манзилида ташкил этиш;

Мажмуа ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази, Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти, Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли, Мудофаа вазирлиги Ҳарбий оркестрлар хизматини бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштириш;

Мажмуа ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Қуйидагилар Мажмуанинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

Иккинчи жаҳон уруши жангларида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намунасини кўрсатган кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини кенг миқёсда ёритиш, юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш;

Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушида эришилган Ғалабага қўшган муносиб ҳиссасини илмий асосда ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш;

Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки, фронт ортидаги меҳнат қаҳрамонликлари, юртимизга эвакуация ва депортация қилинган турли миллат вакиллари, хусусан, болаларнинг бағрикенглик билан кутиб олиниши сингари тарихий воқеаларни акс эттириш орқали ёш авлодни ғоявий чиниқишини шакллантириш ва кекса авлод билан руҳий боғлиқликни кучайтириш, она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш;

аҳолининг тарих билан ҳамнафас бўлиб, ўтганлар хотирасини ёд этиши, уларга ҳурмат бажо келтириши, шунингдек, мазмунли дам олиши билан боғлиқ маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда республика ва халқаро миқёсда илмий-амалий конференциялар, семинарлар, маҳорат дарслари, ижодий кечалар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш;

Иккинчи жаҳон уруши даврига оид хорижий музей экспозициялари ва архивлар фондларини ўрганиш, Ўзбекистон халқининг ғалабага қўшган улкан ҳиссасини аниқ тарихий ҳужжатлар билан асослаш учун мақсадли, фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларни кенг жамоатчиликка тақдим этиш;

Мажмуа таркибидаги “Шон-шараф” давлат музейи фондлари ва экспозицияларини Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган юртдошларимизга оид архив ҳужжатлари ҳамда уларнинг мардлиги ва юксак жасоратини ҳаққоний ёритишга қаратилган мамлакатимиз ва хориждаги Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ ҳужжатлар ва бошқа экспонатлар билан мунтазам бойитиб бориш;

Иккинчи жаҳон урушига оид музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш, янгиларини аниқлаш, тўплаш, улар ҳақидаги маълумотларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;

уруш давридаги юртдошларимизнинг жанговар ва фронт ортидаги фидокорона хизматлари ҳақида тарихий хотирани мустаҳкамлаш мақсадида таълим муассасалари билан ҳамкорликда Мажмуада очиқ дарслар, маъруза ва семинар машғулотлар ўтказишни, талабаларнинг малакавий амалиёт ўташини ташкиллаштириш;

Мажмуада туристлар, тадқиқотчилар ва ташриф буюрувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва унинг туристик салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;

Мажмуа ҳудудида жойлашган бино, иншоот ва бошқа объектлардан мақсадли фойдаланиш ва уларнинг белгиланган тартибда сақланишини таъминлаш;

Мажмуа таркибидаги “Шон-шараф” давлат музейи экспозициясини такомиллаштиришда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, илмий-тадқиқотлар олиб бориш ҳамда ноанъанавий кўргазмалар яратиш бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ушбу йўналишдаги чет эл музейлари билан кўргазмалар ташкил этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш;

Мажмуа таркибидаги “Шон-шараф” давлат музейи ашёлари ва коллекцияларига оид маълумотлар базасини шакллантириш, юритиш, уларни янгилаб бориш, электрон нусхада Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлари Миллий архивига топшириш, босма ҳамда электрон нусхада Ўзбекистон Республикаси Миллий музей фондига киритиш ҳамда музейнинг фонди реестри ва йўл кўрсаткичини каталоглаштириш ишларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

аҳолига маданий-дам олиш хизматлари кўрсатиш.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, Қуролли Кучлар давлат музейи, Қуролли Кучлар ашула ва рақс ансамбли ҳамда Мудофаа вазирлиги Ҳарбий оркестри фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарали бошқариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг маданий ишлар бўйича маслаҳатчиси – “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси бошлиғи лавозими жорий этилади ва унинг мавқеи, барча таъминот турлари бўйича Мудофаа вазирлиги марказий аппарати бош бошқарма бошлиғи лавозимига тенглаштирилади.

Ушбу лавозим Мудофаа вазирлигининг умумий штат бирликлари сони доирасида жорий этилади.

Белгиланишича:

а) Мажмуани сақлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

Мажмуа мулкини ижарага беришдан тушган маблағлар тўлиқ “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади;

б) Мажмуа ҳудуди, бино ва иншоотларига хизмат кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

в) Мажмуа бошлиғининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистон Республикаси тарихини ўрганиш бўлими мутахассисларидан ташқари Мажмуанинг маъмурий-бошқарув, ижодий ходимлари ва мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлаш давлат музейлари ходимлари учун белгиланган базавий лавозим маошларидан келиб чиқиб амалга оширилади, бунда ушбу ходимларга базавий лавозим маошлари (тариф разрядлари) 1,5 ошириш коэффициентини қўллаган ҳолда белгиланади;

г) Мажмуа бошлиғининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистон Республикаси тарихини ўрганиш бўлими бош, етакчи, катта ва кичик илмий ходимлари лавозимларидаги мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлаш қонунчиликда белгиланган бюджет маблағлари ҳисобига фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техника дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий-тадқиқот муассасалари илмий ва раҳбар ходимларининг базавий лавозим маошларида амалга оширилади;

д) “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасини ривожлантириш жамғармаси қуйидаги манбалар:

пуллик хизмат кўрсатишдан, Мажмуага ва унинг объектларига кириш учун чипталар сотиш, унинг мулкини ижарага беришдан тушган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига ажратилган бюджет маблағларидан тегишли молия йили учун Мажмуанинг харажатлар сметасининг 5 фоизи миқдоридаги маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ажратилган мақсадли ҳамда ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;

юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан амалга оширилган беғараз молиявий ёрдамлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ташкил қилинади;

е) Мажмуага ташриф буюриш учун бир марталик чипта нархи Тошкент шаҳрида жойлашган бошқа музейларга бир марталик ташриф буюриш учун чипталарнинг ўртача нархини чиқарган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси:

Иккинчи жаҳон уруши, уруш қатнашчилари ва фронт орти фахрийларининг қаҳрамонлигига оид материалларни ҳамда Мажмуа таркибидаги “Шон-шараф” давлат музейи фондида сақланаётган экспонатлар ва маълумотлар асосида илмий тадқиқотлар олиб бориш ва Мажмуа фондини доимий равишда бойитиш ишларини амалга оширилади;

Республика олий ва олий ҳарбий таълим муассасалари талабалари (курсантлари), магистрантлари ва докторантлари томонидан уруш йилларига оид илмий-тадқиқот ишлари олиб боришлари ташкил этилади, ушбу мақсадда “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси объектларида алоҳида ўқув хоналари ажратилади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академияси ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда бадиий, илмий-оммабоп босма ва электрон китоблари нашр этади.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+19° переменная облачность
Валюта курси
10321.21
USD 5.59
12003.57
EUR -207.03
132.07
RUB -4.21