Куни кеча “Ўрикзор“ савдо мажмуаси МЧЖда жами 789 нафар фуқародан суртмалар олинган. Таҳлил натижаларига кўра, мазкур савдо мажмуасидаги озиқ-овқат дўконида сотувчи бўлиб ишловчи фуқарода коронавирус инфекцияси тасдиқланди. Бу ҳақда ССВ хабар қилди.
Айни пайтда ушбу бемор билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар ўрнатилган тартибда қатъий карантин кузатувига олинди.
Шунга кўра, “Ўрикзор” савдо мажмуасида эпидемиологик суриштирув ишларини ўтказиш ҳамда касаллик тарқалишининг олдини олиш, бозорда эпидемияга қарши ва профилактик тадбирларни ташкил қилиш ҳамда таъмирлаш, санитар тозалаш ва зарарсизлантириш ишларини ўтказиш мақсадида туман ҳокимлиги билан келишилган ҳолда, бозор маъмурияти томонидан савдо мажмуаси фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Бозорда эпидемиологик суриштирув ишлари якунланиб, санитар тозалаш ва зарарсизлантириш тадбирлари амалга оширилгач, мажмуа яна ўз фаолиятини давом эттиради.
Кўриниб турибдики, айни кунларда аҳоли орасида ҳамон коронавирус инфекциясига чалинганлар аниқланмоқда. Ушбу ҳолатлардан аён бўлаяптики, ён атрофимизда коронавирусга чалинганлар йўқлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Бу эса ҳар қандай вазиятда ҳам коронавирус юқтириб олишнинг эҳтимолий хавфидан хушёр бўлишимизни, эҳтиёт чораларини доимий кўришимизни талаб этади.
Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқимиздан, яна бир бор, баъзи жойларда берилган эркинликни нотўғри тушунмасдан карантин қоидаларига, жумладан, ижтимоий масофани сақлаш, яъни қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришишдан тийилиш, жамоат жойларида тўпланмаслик, айниқса, ёшларни заруратсиз кўчага чиқмаслигини, қўлларни тез-тез ва яхшилаб ювиш, тиббий ниқоб тақиш каби қоидаларга қатъий амал қилишларини, шунингдек, муборак Рамазон ҳайити байрамини уйда, оила даврасида байрамона кайфиятда нишонлашларини сўрайди. Бу ўзингиз ва яқинларингиз хавфсизлиги учун жуда муҳим, дейилади расмий хабарда.