my5
Sevimli

Денгиз соҳилидага мурғак жасадлар

ДУНЁ 18.09.2015, 10:51
Денгиз соҳилидага мурғак жасадлар

Уларнинг бедор  руҳи дунё аҳлидан жавоб кутмоқда

         У уруш олови гуриллаб ёнаётган бир мамлакатда кўз очди. Унинг мурғак онги дунё ва ундаги талотўпларни англай оладиган даражага етмаганди. Ён-атрофида рўй бераёгна ноҳақликлар, хунрезликлар, қирғинбаротнинг ҳам фарқига бормасди. Унинг ота-онаси қарғишга қолган бу мамлакатда у ва ўзидан икки ёшгина катта акасининг бир ҳовучгина қорнини тўйғазиш-у, дайди ўқлар ва хоин портлашлардан ҳимоялаш учун жонларидан кечишга ҳам ҳозир эдилар. Афсус...

Дунёни йиғлатган суврат

         Ўтган ҳафтада дунёнинг энг йирик газеталари, интернет нашрлари Бодрум соҳилига Ўртаер денгизи тўлқинлари  улоқтириб ташлаган гўдакнинг пажмурда гавдаси акс этган суратни чоп этди. Мана ўша суврат.

фото

 Ҳали дунё нелигини билмай, дунёпараст кучларнинг разил мақсадлари бегуноҳ қурбонига айланган бу жонсиз норасидани кўриб ҳар қандай тош қалблар ҳам титилиб кетмайдими?

         Болалар ухлаган пайтдагина жим бўлишади. Қанийди, бу бола ҳам ҳозир ухлаб ётганида эди... Бироздан сўнг уйғониб, беғубор шўхликлари билан дунёни бошига кўтарганида эди. Йўқ, у жим ётгани йўқ. Унинг жонсиз жасади устида чарх ураётган бедор руҳи “менинг гуноҳим нима? Менинг яшашга, улғайишга, ҳаётдан баҳра олишга ҳаққим йўқмиди? Бу бемаъни урушларинг, қирғинларинг қачон тугайди?” дея фарёд урмоқда.

Тонгдаги мудҳиш манзара        

Сурияда 2011 йилнинг март ойидан бери давом этаётган уруш энг камида 200 минг кишининг умрига зомин бўлди. 22 миллионлик мамлакат аҳолисининг 8 миллиони туғилиб ўсган жойларини ташлаб кетишга, айримлари ўзга мамлакатларга қочишга мажбур бўлди.

Бугунги кунда суриялик қочоқлар масаласи дунё ҳамжамияти қаршисидаги энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб қолаётир. Айни пайтда деярли ҳар куни  денгиз орқали қайиқларда Европа томон, тинч ва осойишта ҳаёт сари ошиқаётган қочоқлар фожиаси ҳақидаги нохуш хабарлар тарқатилмоқда.

1 сентябрь куни Ўртаер денгизи соҳилидаги  сайёҳлик марказларидан бири – Бодрум шаҳри соҳиллари яқинида суриялик қочоқларни олиб келаётган шиширма  қайиқларнинг сувга ғарқ бўлиши оқибатида 12 киши чўкиб кетди. Соҳилдаги хавфсизлик кучлари фақат беш кишининг ҳаётини асраб қолишга муваффақ бўлди холос.

Кўп ўтмай, яна бир фожиа ҳақида хабар ёйилди. Бу гал олти кишилик пластик қайиқ ағдарилиб кетди. Қайиқдаги йўловчилардан бир аёл ва уч гўдакнинг ҳаётини асраб қолишнинг иложи бўлмади. Эртаси куни тонгги соат олтиларда соҳилда тўлқинлар келтириб ташлаган жасадларни Алихожа-Бурни пляжи ходимлари кўриб қолишди ва полицияга хабар беришди.

“Энди Европасини нима қиламан?”

         Суриштирувлар натижасида  сувга чўккан аёл асли Суриянинг Кобани туманидан бўлган Райҳон Курдий, болалардан икки нафари эса, унинг ўғиллари 3 ёшли Айлан ва 5 ёшли Ғолиб экани маълум бўлди. Яна бир гўдакнинг шахси ҳали аниқланмаган.

         Фожиадан тирик қолган, шифохонада ҳушига келган  оила бошлиғи 35 ёшли Абдуллоҳ Курдийнинг бу фожиадан қай аҳволга тушганини тасаввур қилиш осон бўлмаса керак. Унинг айтишича, Кобанида  айни чоғда  қирғинбарот авжига минган. Лоақал икки фарзандининг келажаги учун муҳожирликни ихтиёр этган эр-хотин дастлаб Бодрумга келишган. У ердан Грецияга қарашли Кос оролига, кейин эса, бирор бир Европа ўлкасига ўтиб кетишни ният қилишганди.

         “Энди ёлғиз ўзим Европада нима қиламан? Фақат оилам, болаларимнинг бахти учун шу хавфли сафарга отлангандим. Энди қандай бўлмасин, аёлим ва болаларимнинг жасадини ўз ватанимга олиб кетаман. Уларни тупроққа бериб, ўша ерда яшайвераман, пешонамда борини кўраман” – дейд Абдулло Курдий журналистларга берган интервюсида.

Огоҳликка даъват

         Дунёнинг ўнлаб йирик нашрлари қирғоқда беозоргина ётган мурғак гавданинг тасвирини чоп этаркан, яна бир бор жаҳон ҳамжамиятини огоҳликка, қочоқлар муаммосига жиддийроқ ёндашишга чақирди.

         БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича кормиссарияти маълумотларига кўра, йил бошидан бери денгиз орқали Грецияга ўтган қочоқларнинг умумий сони 150 минг кишини ташкил этади. Қочоқлар оқими ҳали-ҳануз иқтисодий инқироз гирдобидан чиқолмай турган Греция ҳукумати учун “дард устига чипқон” бўлаётир. Қочоқларнинг катта қисми эса, Греция орқали Германия, Австрия ва Скандинавия мамлакатларига ўтиш ҳаракатида.

         Айни пайтда Европа ҳамжамияти қочоқларни жойлаштириш борасида аниқ бир тўхтамга кела олмаяпти. Ким билсин, мақсадсиз қирғинлар, ғайриинсоний уқубатлар, охири кўринмайдиган мажлислар битгунича, яна қанча айланлар, ғолибларнинг савил жони керак бўларкин...

Дарвоқе...

         Ўтган ҳафтада мамлакатимиз билим даргоҳларида янги ўқув йили бошланди. Юз минглаб болаларимиз илк бор мактаб остонасига қадам қўйиб, Президентимиз совғаларига сазовор бўлди. Болажонларимизнинг қувончини сўз билан таърифлаш қийин.

Дунёдаги барча гўдаклар ҳам бизнинг болаларимиз сингари беғам, беташвиш, бахтиёр бўлишса эди…

Рустам Жабборов

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+2° небольшая облачность
Валюта курси
10500.81
USD 27.61
12682.88
EUR -113.28
142.66
RUB 1.37