Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қувасой шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, Қувасой шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси мансабдор шахслари “SH-T.” МЧЖ раҳбарлари билан олдиндан тил бириктириб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура Даракчига хабар бермоқда.
Хусусан, ушбу мансабдорлар тумандаги Қўчқорчи, Намуна, Лашкар ҳамда Дўстлик МФЙлардаги кўчаларни ёритиш учун 60 дона металл устун ва уларга тунги чироқларни ўрнатиш бўйича аслида ўтказилмаган танловда, “SH-T.” МЧЖ ғолиб бўлганлиги ҳақида сохта ҳужжатларни тузиб, юқоридаги кўчаларда 75,5 млн сўмлик металл устун ва тунги ёритиш чироқлари ўрнатилган бўлсада, ишлар тўлиқ бажарилганлиги ҳақида ҳужжатларни расмийлаштириб, жамият ҳисоб рақамига 278,0 млн сўмни ўтказиб, 202,4 млн сўм бюджет маблағларини ўзлаштиришган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қувасой шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси мансабдор шахслари ҳамда “SH-T.” МЧЖ раҳбарларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.