Му5
8

«Фарзандимни раҳит дейишди...»

САЛОМАТЛИК 30.11.2015, 09:31
22118
«Фарзандимни раҳит дейишди...»

«Иккинчи ўғлимни тиббий кўрикдан ўтказиш учун олиб боргандим. Болалар жаррохи «фарзандингизда рахит аломатлари бор», деди. Тўғри, болам салгина нимжон, аммо рахит белгиларини сезмагандим. Энди нима қилсам бўлади? Даволаса, асорати бўлмайдими?»

Карима Оллоёрова, Хоразм вилояти

Рахит – кичик ёшдаги болаларда учрайдиган касаллик бўлиб, организмда кальций ва фосфор алмашинувининг бузилиши натижасида келиб чиқади. Ушбу касалликни D витамини танқислиги ҳам дейишади. Кичкинтой ҳаётининнг дастлабки йиллари тез ўсади. Ривожланиш жараёнида бола суякларининг тўғри ўсиши учун кальций ва фосфор элементлари зарурдир. D витамини организмда кальций ва фосфорнинг ичакдан сўрилиши, мушак ва бошқа аъзо тўқималарига етиб боришини бошқаради. Агар организмда D витамини етишмовчилиги кузатилса, боланиннг кальций ва фосфор элементларига бўлган эҳтиёжи қондирилмайди. Бу эса юқоридаги мурожаатда тилга олинган рахит касаллигига олиб келади. Хасталик асосан кичик ёшдаги болалар орасида учрайди деяпмиз, демак, у барча кичкинтойларга хавф солиши мумкинми? Даволаш ва олдини олиш чоралари қандай? Бу ҳақда шифокор педиатр Салтанат ТЎЛАБОЕВА маълумот беради.

Витамин етишмаслиги нималарга олиб келади?

Бола организмида D витамининг етарли миқдорда бўлмаслиги,  суяклар юмшашига, мушак ва бўғимлар бўшашиши, иммунитет сустлашиши, камқонликка олиб келиши мумкин. Бунинг натижасида эса бола боши ва гавдасини тўғри тутишга қийналади, лиқилдоғи юмшаб кетиб, жуда секин битади. Тишлар чиқиши ҳам кечикади. Сурункали касалликларга мойиллик ортиши мумкин. Муолажа вақтида бажарилмаса, организм ривожланишда давом этади-ю, аммо бола суякларининг қийшиқ ўсиш эҳтимоли ортади. Ўтказиб юборилган рахитда умуртқа поғонасининг букчайиши, кўкрак қафасининг пастга қараб энкайиб қолиши,  оёқнинг «Х» ёки «О» шаклида қийшайиши кузатилиши мумкин. Шу билан бирга болада яссиоёқлик ривожланади.

Ҳомиладорлик вақти она организмида кальций - фосфор алмашинувининг бузилиши, ҳомиладорликнинг оғир кечиши, боланинг ойига етмай туғилиши ҳам рахитга сабаб бўлиши мумкин.

Касаллик белгиларини қандай аниқлаш мумкин?

«Фарзандимда рахит бор-йўқлигини қандай биламан» деётган бўлсангиз, қуйидаги белгиларга диққат қилинг. Аввало кичкинтойни кузатинг. Бўй ўсиши, вазн ортиши ва умумий ҳолатида ўзгаришлар йўқми? Одатда рахит аломатлари сифатида бола уйқусининг бузилиши, эмаётганида кўп терлаши,  товуш ва ёруғлик нуридан чўчиши, тери тошмалари (иссиқлик тошиши мумкин), бошнинг энса қисмида соч тўкилиши, инжиқлик ва безовталиклар эътироф қилинади. Бордию ушбу белгилардан бирортаси дилбандингизда кузатилаётган бўлса, албатта, шифокорга мурожаат этинг.

Катта ёшдаги болаларда ҳам бўладими?

Рахит гўдаклар орасида кўпроқ кузатилсада, 2-4 ёшли болаларда ҳам учраб туради. Ҳар бир инсон организми индивидуал эканлигини ҳисобга олсак, айримларда касаллик эртароқ айримларда эса кечроқ ҳам юзага чиқиши мумкин. Қолаверса, кичкинтой қўшимча овқатларга ўтказилганида кўпинча егуликнинг фойдали хусусияти унутилиб, асосан  таъмига аҳамият берилади. Бу ҳам кальций ва фосфор алмашинувининг бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Бироқ касаллик бедаво эмас. Вақтида мурожаат қилинса, даволаш самарали бўлади.

Қандай кўринишлари бор?

Тиббиётда қабул қилинган тамойилга асосан, рахитнинг кечиши бошланғич ва ривожланаётган даврларга бўлинади. Даражасига кўра енгил, ўрта ва оғир кўринишлари фарқланади. Касаллик қачон бошлангани ва қандай белгилар намоён бўлаётганига қараб, ўткир ва авж олаётган турларга ажратилиши мумкин.

Рентген қилинадими?

Боланинг умумий аҳволи ҳамда ташқи кўринишидаги ўзгаришлар касалликка тахмин қилиш учун биринчи кўрик вазифасини ўтайди. Сўнг мутахассис кўрсатмаси билан рентгент текшируви ўтказилиши мумкин. Умуман олганда, касалликка ташхис қўйишда боладаги ривожланиш ҳолатининг ўзи кифоя. Рахит тасдиқланганида эса шифокор зарур муолажа усулини буюради. Ҳар бир бемор учун муолажа давомийлиги турлича бўлиши мумкин. Асосий даво чоралари қаторида D витамини ҳам белгиланади.

Профилактикаси борми?

Фарзандингиз рахитга чалинмай соғлом ўсишини истасангиз қуйидаги тавсияларни  билиб қўйиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

  • Аввало ҳомиладорлик давридан бошлаб, ўзингизни авайланг. Шифокор кўрсатмаси билан кальций препаратларини қабул қилишни унутманг. Кўпроқ қуёш нурида сайр қилинг. Бордию ҳомиладорлик куз-қиш мавсумига тўғри келса, витаминга бой маҳсулотлардан тановул қилишингиз лозим;
  • Болани олти ойгача фақат она сути билан парваришланг. Эмизиш даврида ўзингиз ҳам витаминли маҳсулотлардан тановул қилинг;
  • Қўшимча овқатларга ўтилганида, бола таомномасида гўшт, тухум, балиқ каби маҳсулотлар бўлишига аҳамият беринг;
  • Қишда эрталабки соат 9:00 дан 09:30 гача, ёзда эса соат 11:00 гача сайр қилишга одатланинг. Бу рахитнинг табиий профилактикаси;
  • Иссиқ кунларда қуёшли ёки ҳаво ванналарини қабул қилиш мумкин. 

Н.Илёсова тайёрлади

 

 

 

 

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+12° туман
Валюта курси
9526.28
USD -2.21
10329.35
EUR 10
148.82
RUB -1.25
rightuz