1

Паркинсон касаллигига 3 дақиқада ташхис қўйиш усули топилди

САЛОМАТЛИК 09.10.2022, 13:18
Паркинсон касаллигига 3 дақиқада ташхис қўйиш усули топилди

Буюк Британиянинг Манчестер университети олимлари Паркинсон касаллигига атиги уч дақиқада ташхис қўйиш усулини ишлаб чиқди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.

У, аввалгидек, беморларнинг касаллик тарихини ўрганиш, узоқ муддатли тиббий текширувлар ва мияни сканерлашни талаб этмайди.  

Янги усулдаги синама учун тери остидаги ёғ тўқималаридан намуна олиниб, унинг кимёвий таркибидаги ўзгаришлар таҳлил қилинади. Натижалар 3 дақиқада маълум бўлади.  

Тадқиқот самарадорлигини синовдан ўтказиш учун олимлар Паркинсон билан хасталанган 79 нафар бемор ва 71 нафар соғлом кишининг таҳлил намуналарини таққослади.

Якунда тўрт мингдан ортиқ бирикмалар кўздан кечирилиб, улардан 500 таси Паркинсон хасталигига чалинганларда бошқаларга нисбатан фарқ қилиши аниқланди. Шундан сўнг биомаркерлардаги ўзгаришларга асосланган синамалар ишлаб чиқилди.  

Энди тадқиқотчилар ушбу тестнинг лабораториядан ташқари шароитда ҳам самарали ишлашини исботламоқчи.  

Маълумот учун: Паркинсон — янги асрда энг тез ривожланаётган неврологик касалликлардан бири. У секин прогрессияланади ва 50 ёшдан ошган кишиларда юзага келади. Бироқ хасталик кўпинча кеч босқичда аниқланиши боис муолажалардан ҳамиша кутилган самара бўлмайди.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1