1

Антибиотикларни ичаётганда нималарга аҳамият бериш керак?

САЛОМАТЛИК 16.10.2022, 15:08
Антибиотикларни ичаётганда нималарга аҳамият бериш керак?

Замонавий тиббиёт, аввало, имкон қадар антибиотиклардан фойдаланмаслик тарафдори. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати энг зарур ҳолларда препаратни қўллашда белгиланган тартиб-қоидалар  ҳақида маълумот берди. 

— Препаратнинг қондаги концентрациясини бир меъёрда ушлаб, антибиотикни аниқ вақтда қабул қилиш керак, — дейди Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази бўлим бошлиғи Эльвира Свечникова.— Мисол учун, агар дорини кунига бир марта ичиш буюрилган бўлса, кейинги дозани 24 соат ўтгач, қабул қилиш зарур. Агар кунига 2 маҳал бўлса, у ҳар 12 соатдан кейин ичилади.

 

 Антибиотикдан фойдалангач, бемор аҳволи яхшиланса, муолажани тўхтатиб қўймаслик керак. Чунки бу ҳолат соғайганликни билдирмайди. Эҳтимол инфекция заифлашган, аммо бутунлай йўқолмаган бўлиши мумкин.

 Таблетка шаклидаги препаратлар сув билан ичилади. Бу жараёнда сут ва сут маҳсулотлари, чой, қаҳва, шарбатлардан фойдаланиш тақиқланади. Инфекциянинг танадан тезда чиқиб кетиши учун эса кўп миқдорда сув ичиш лозим.

 Агар антибиотик қабул қилингач, тўрт кун ичида бемор аҳволи яхшиланмаса, шифокор билан маслаҳатлашиш зарур. Бу ҳолатда мутахассис дозани ўзгартириши ёки бошқа дори препаратини буюриши мумкин.  

 Беморлар авваллари қандай дори воситаларидан қанча дозада ва қандай касалликларни даволашда фойдаланганини, агар ножўя таъсирлар кузатилган бўлса, бу бўйича қайдларни ёзиб боришлари мақсадга мувофиқ. Яроқлилик муддати ўтган дориларни асло қўллаб бўлмайди.  

 Шу ўринда юртдошларимизга препаратларнинг ножўя таъсирлари кузатилса, Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат марказининг (71) 203-01-01 | 4144 телефон рақамига мурожаат қилишлари ёки тегишли хабарнома картаси шаклини тўлдиришлари лозимлигини эслатиб ўтилмоқда.   

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1