1

​Менингит нега кузда авж олади?

САЛОМАТЛИК 29.10.2022, 18:49
​Менингит нега кузда авж олади?

Кунлар совиб, ҳаво ҳароратининг сезиларли даражада ўзгариши аҳоли орасида турли юқумли касалликларнинг авж олишига замин яратади. Улардан бири менингитдир.

Хўш, у қандай касаллик? Менингитнинг келиб чиқиш сабаблари нималардан иборат?

ССВ Матбуот хизматининг ушбу саволларига Республика вирусология илмий текшириш институти клиникаси бош шифокори Муҳайё Асилова жавоб берди.

— Менингит — ўта юқумли касаллик бўлиб, бош ва орқа миянинг яллиғланиши ҳамда умумий интоксикация белгилари билан кечади, — дейди мутахассис. — Бунда юқори тана ҳарорати, мия шишиши, бош чаноғи ичида босим кўтарилиши кузатилиб, орқа мия суюқлигининг ликвори ўзгаради. Аксарият ҳолларда касалликка вирус, баъзида бактерия, замбуруғлар ёки оддий микроорганизмлар ҳам сабабчи бўлади. 

Ҳатто, бактерия ва вирус биргаликда ҳам касалликни келтириб чиқариши мумкин. Менингит жуда тез авж олади. Агар бемор тана ҳарорати тўсатдан кўтарилган вақт унга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаса, бу ҳолат ўлим билан тугайди.

Ушбу касаллик асосан ҳаво ҳароратининг ўзгариши, овқат рационидаги чеклашлар ва витамин етишмаслиги сабабли келиб чиқади. Қолаверса, иммунитет пастлиги, пневмония, фарингит, отит, грипп, туберкулёз, сифилис, ОИТС, жигар циррози, кучли стресс, невроз, бош мия чайқалиши, совуқ қотиш, антибиотикларни палапартиш қабул қилиш ҳамда кучли диета кабилар ҳам менингитни чақириши мумкин.

Хасталик қўзғатувчиси одамдан одамга юққани боис ушбу инфекцияга фақат инсонлар чалинади. Унинг манбаи инфекцияни ташувчилар ҳисобланади. Бу хасталик йил давомида кузатилиши мумкин, аммо уни кўпроқ мавсумий (куз-қиш ва баҳор) дард, десак тўғри бўлади.

Бу вирус ташқи муҳитга чидамсиз бўлиб, одам организмидан ташқарида 30 дақиқадан сўнг нобуд бўлади. Микроб бурун, ҳалқум, орқа мия суюқлиги, қон ва терида кўпаяди. Шу боис унга чалинган бемор инфекция манбаи ҳисобланади. Менингит исталган ёшда учраши мумкин.

Бироқ сўнгги йиллардаги таҳлилларга кўра, касаллик 70-80 фоиз ҳолатда 14 ёшгача бўлган болаларда кузатилмоқда. У, айниқса, бир ёшли ўғил-қизларда оғир кечади. Чунки уларда иммунитет тизими яхши шаклланмаган бўлади.

Касалликка чалинган инсоннинг тана ҳарорати 40 даражагача кўтарилади. Бемор бош оғриши, бош айланиши, томоқ ачишиши, ютинишдаги оғриқ, бурун битиши, кўнгил айниши, қусиш, эшитиш қобилиятининг бузилиши кабилардан шикоят қилади. Қолаверса, ҳолсизлик, ҳалқум орқа деворининг шиши, қалтираш ва судирги кузатилади.

Оғир ҳолларда ҳушни йўқотиш, болаларда талвасалар, кам ҳолларда эса галлюцинация юзага келиши мумкин. Барча клиник белгилар 1-2 кун ичида кучайиб боради. Биринчи кун охири, иккинчи кун бошларида терида тошмалар тоша бошлайди. Улар бир вақтнинг ўзида терининг барча юзаларида, айниқса, оёқларда пайдо бўлади. Баъзида бармоқларнинг учи, товон, қулоқ супраларида ҳам ривожланиши мумкин.

Бундай пайтда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Сабаби ушбу ҳолатда хасталикка чалинган инсон уй шароитида эмас, балки юқумли касалликлар шифохонасида тиббиёт ходимлари назорати остида даволаниши лозим. Қолаверса, бемор хонадони дезинфекция қилиниши ва унинг яқинлари мутахассис кузатувида бўлиши мақсадга мувофиқ.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1